Самарқанд делегациясининг навбатдаги манзили – Шандун
Ишчи ташриф билан Хитой Халқ Республикасида бўлиб турган Самарқанд вилояти ҳокими Э.Турдимов бошчилигидаги делегация ушбу мамлакат минтақалари раҳбарлари ва тадбиркорлар билан учрашувлар ўтказмоқда.
Эркинжон Турдимов кеча Лю Цян бошчилигидаги Цзинан шаҳри раҳбарияти билан учрашувда юксак меҳмондўстлик ва самимий қабул учун мезбонларга миннатдорлик билдирди. Ўзбекистон, хусусан, Самарқанд билан узоқ тарихий алоқалари мавжуд бўлган Шандун провинцияси билан ҳамкорлик икки томон учун манфаатли бўлишини қайд этди.


Учрашувда томонлар Самарқанд вилояти ҳокими бошчилигида раҳбарлар ва тадбиркорларнинг Хитойга бу галги ташрифи минтақалар ўртасидаги алоқаларда янги саҳифа очиши ва ҳамкорлик истиқболларига хизмат қилишини таъкидладилар. Бугун Э.Турдимов Хитой коммунистик партияси Шандун провинцияси партия қўмитаси котиби Лин У билан учрашди. Мулоқот чоғида жорий йилнинг сентябрь ойида Самарқандда ўтказилган учрашувда эришилган келишувларни амалга ошириш ва айни ташриф давомида минтақалар ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш муҳимлиги таъкидланди.
Ғ.ҲАСАНОВ, ЎзА мухбири