Самарадорлик сари янги қадам
Қорақалпоғистон Республикаси Тўрткўл туманида пахта етиштиришда илғор тажрибаларни жорий этишга бағишланган кўргазмали амалий семинар бўлиб ўтди.
Тўрткўл, Элликқалъа, Амударё ва Беруний туманлари ҳокимлари, соҳа мутахассислари ҳамда фермерлар иштирок этган тадбирда ҳудудларда қишлоқ хўжалигини янги босқичга олиб чиқиш, хусусан, пахтани Хитой технологияси асосида экиш ва қўшқатор усулини кенг жорий этиш масалалари муҳокама қилинди.

Семинарда пахта майдонларини 76х10 қўшқатор схемасига ўтказишнинг афзаллиги атрофлича кўриб чиқилди. Мазкур усул бир гектардаги туп сонини кўпайтириш орқали ҳосилдорликни оширади, шу билан бирга пахта териш техникаларининг самарали ишлашини таъминлайди.
Плёнка остига экиш эса, намликни сақлаш, ўғитлар самарадорлигини ошириш ҳамда кўчатларнинг баравар униб чиқишига хизмат қилади. Амалий жараёнда замонавий сеялка ва культиваторларнинг ишлаш тартиби намойиш этилди. Фермерларга аниқ тавсиялар берилди.

Жорий йилда Тўрткўл туманида 2 минг 90 гектар майдонда плёнка остига қўшқатор усулида чигит экиш, 5 минг 710 гектар очиқ майдонда эса, қўшқатор схемасини қўллаш режалаштирилган. Шунингдек, ғаллани биринчи озиқлантириш, дала маданиятини ошириш, қишлоқ хўжалиги техникаларини мавсумга тайёрлаш ҳамда жорий йил ҳосили учун картошка етиштириш масалалари ҳам муҳокама қилинди.
Семинар якунида ҳар бир туман ҳокими 2026 йил ҳосили учун қўшқатор усулида чигит экиш бўйича белгиланган режалари билан таништирди. Соҳада илғор технологияларни амалиётга жорий этиш – юқори ҳосил ва барқарор ривожланиш гарови эканлиги қайд этилди.
Семинарда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси Ф.Эрманов иштирок этди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири.