Самарқандда тил байрамида илк бор концерт ташкил этилди
Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган кун, “Давлат тили ҳақида”ги қонун қабул қилинган сана – 21 октябрда ҳар йили Самарқанд шаҳридаги Алишер Навоий ҳайкали ўрнатилган боғда маросим ўтказилади.
Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган кун, “Давлат тили ҳақида”ги қонун қабул қилинган сана – 21 октябрда ҳар йили Самарқанд шаҳридаги Алишер Навоий ҳайкали ўрнатилган боғда маросим ўтказилади.
Одатда, бу тадбирда вилоят ва шаҳар ҳокимлиги вакиллари, ёзувчи ва шоирлар, Самарқанддаги олий ўқув юртлари профессор-ўқитувчилари ва талабалар, умумтаълим мактаблари ўқитувчи ва ўқувчилари иштирок этади.
Вилоят фаоллари, олимлар сўзга чиқиб, ўзбек тилига давлат тили мақоми берилишининг аҳамияти ҳақида гапиришади. Талабалар шеърлар ўқийди. Ҳафсала қилинса, бошқа тилда сўзлашувчи миллат вакиллари топилиб, уларга ҳам сўз берилади. Унинг ўзбекча гапириши олқишланади. Кейин вилоят драма театри актёрлари саҳна кўринишлари намойиш этади. Якунда буюк мутафаккир ҳайкали пойига гуллар қўйилади ва ҳамма тарқалади. Самарқанд давлат университетида ўзбек филологияси факультети ўқитувчи ва талабалари томонидан илмий анжуман ўтказилиши мумкин.

Самарқанд шаҳридаги Алишер Навоий номли марказий истироҳат боғида бу йил ҳам 21 октябрь билан боғлиқ тадбирлар деярли шу тартибда бошланди. Фақат, бу йил тадбир иштирокчилари ҳар йилгидан кўпроқ, пойтахтдан меҳмонлар бор эди.
Маросим қатнашчиларини Самарқанд вилояти ҳокими ўринбосари Р.Қобилов, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси А.Азимов табриклади.
Яна бошқа табрик ва дил изҳорларидан кейин, ҳайкал пойига гуллар қўйилди. Сўнгра ҳамма тарқалиб кетмади.
Тадбир иштирокчилари боғ яқинидаги Ёшлар марказига, байрам муносабати билан ташкил этилган концерт дастурига таклиф этилди.
Дастур аввалида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Ф.Тошев сўзга чиқиб, йиғилганларни “Давлат тили ҳақида”ги қонун қабул қилинганлигининг 30 йиллиги билан табриклади. Президентимиз қарорига кўра, бу йил ушбу сана кенг нишонланаётганини таъкидлади.

Пайариқ туманидаги 20-мактабгача таълим ташкилоти тарбиячиси Надежда Крупская ҳам шу тобда кўнглидан кечаётганларини бошқалар билан баҳам кўрди:
– Мен Пайариқ туманида туғилганман, миллатим – рус. Лекин ўттиз йилдан буён боғчада болаларга ўзбек ва рус тилларида сабоқ бераман. Ҳозир кўпчилик ота-оналар фарзандлари бир нечта тилни билишини истайди. Бу яхши албатта. Лекин бола энг аввало, ўзбек тилини, ўз она тилини яхши билиши керак. Ўзбекча фикрлаб, тафаккур қилиб, ўзбекча гапириши зарур.
Надежда Крупскаянинг ўзбек тилида дона-дона қилиб айтган бу сўзлари барчага манзур бўлди.
Шундан сўнг самарқандлик ва пойтахтдан келган санъаткорлар томонидан куй-қўшиқлар ижро этилди.
Тадбирда Самарқанд вилояти ҳокими Э.Турдимов иштирок этди.