«Саломатликни муҳофаза қилиш йили»да амалга оширилган ишлар сарҳисоб қилинади
Бугун, 27 ноябрь куни пойтахтимиз Тошкент МДҲга аъзо давлатлар соғлиқни сақлаш соҳасидаги ҳамкорлик Кенгашининг 39-йиғилишига мезбонлик қилади.
Таъкидлаш жоизки, МДҲ ташкил этилганининг 35 йиллиги нишонланаётган 2026 йил Ҳамдўстликда «Саломатликни муҳофаза қилиш йили» деб эълон қилинган бўлиб, жорий йилда Кенгашга Ўзбекистон раислик қилмоқда. Мазкур йиғилишда аъзо давлатларнинг соғлиқни сақлаш вазирлари ва уларнинг ўринбосарлари, МДҲ Ижроия қўмитаси ҳамда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Европа минтақавий бюроси масъуллари, шунингдек, соҳанинг етакчи экспертлари иштирок этади.
Тадбир доирасида «Саломатликни муҳофаза қилиш йили» давомида амалга оширилган ишлар ва Ўзбекистоннинг Кенгашга раислиги якунлари сарҳисоб қилинади. Шунингдек, Ҳамдўстлик мамлакатларининг тиббиёт соҳасида эришган ютуқлари тақдим этилиб, келгусидаги ҳамкорликнинг устувор йўналишлари белгилаб олинади. Учрашув кун тартибидан «МДҲга аъзо давлатлар аҳолиси саломатлиги» стратегиясини янгилаш, юқумли ва юқумли бўлмаган касалликларнинг олдини олиш ҳамда даволаш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, юқори технологик тиббиётни ривожлантириш, соҳани рақамлаштириш ва санитария-эпидемиологик хавфсизликни мустаҳкамлаш каби долзарб масалалар ўрин олган.
2026-2030 йилларда Марказий Осиёда саломатлик ва фаровонликни таъминлаш бўйича иккинчи «йўл харитаси»ни имзолаш маросими ҳам бўлиб ўтади. ЖССТнинг Европа минтақавий бюроси кўмагида минтақанинг беш давлати томонидан ишлаб чиқилган мазкур ҳужжат қўшма ташаббусларни амалиётга татбиқ этиш ва инвестицияларни жалб қилиш орқали минтақавий ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишга қаратилган. Ҳужжатда бирламчи тиббий-санитария ёрдамини мустаҳкамлаш, иқлим ўзгаришининг инсон саломатлигига салбий таъсирини камайтириш, оналар, болалар ва ўсмирлар саломатлигини муҳофаза қилиш, юқумли бўлмаган касалликларга қарши курашиш ҳамда руҳий саломатликни асраш устувор йўналишлар сифатида белгиланган.
М.Қосимова,
ЎзА