“Саломатлик марафони” Самарқандда давом этади
Жорий йилнинг октябрь ойида Қорақалпоғистон Республикасида ўтказилган “Саломатлик марафони” бугун – 17 ноябрдан Самарқандда бошланди.
Тиббий профилактика, касалликларни эрта аниқлаш ва соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишга қаратилган мазкур тадбир бир ой– 17 декабрга қадар Самарқанднинг туман ва шаҳарларида давом этади.
Марафон бошланиши муносабати билан Самарқанд давлат тиббиёт университетида ўтказилган тадбирда Самарқанд вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Адиз Бобоев, соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Олим Омонов бошқа масъуллар иштирок этиб, ушбу ташаббуснинг аҳамиятига эътибор қаратдилар. Кенг қамровли тиббий кўриклар аҳоли саломатлигини сақлаш, профилактика ишларини кучайтириш ва тиббий маданиятни оширишда муҳим ўрин тутиши қайд этилди.
– Марафон доирасида оилавий поликлиникалар, вилоят ва республика даражасидаги етакчи шифокорлар, шунингдек, хорижий мутахассислар томонидан аҳолининг барча қатлами чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилади, – дейди Самарқанд вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Суҳроб Зайниев. – Текширувлар якунлари DMED ягона электрон ахборот тизимига киритилиб, келгусида фуқаролар саломатлиги доимий мониторинг асосида юритилади. Бу эса касалликларни эрта аниқлаш, уларнинг олдини олиш ва даволаш самарадорлигини оширишга хизмат қилади. Марафон давомида нафақат тиббий кўриклар, балки соғлом овқатланиш, жисмоний фаоллик ва касалликларнинг олдини олиш бўйича маслаҳатлар берилиб, соғломлаштириш тадбирлари ўтказилади. Ушбу хизматлар аҳолига бепул кўрсатилади ва касаллик аниқланган фуқаролар хавфлилик даражасига кўра, вилоят ва республика шифохоналарида даволанишга юборилади.
[gallery-26282]
10 ноябрь куни давлатимиз раҳбари тиббиёт ва фармацевтика ходимлари билан учрашувда эндиликда республика ихтисослаштирилган тиббий марказлари, вилоят, туман соғлиқни сақлаш соҳаси раҳбарлари, оилавий поликлиника мудирлари бир ойлик аниқ режа асосида ишлашга ўтиши, зиммасига олган вазифалар, қайси касалликлар кўп учраётгани ва уларни қандай камайтиришни аҳолига эълон қилиб бориши, шунингдек, одамларга мурожаат қилиб, соғлиғига эътибор қилиш, тиббий кўрикдан вақтида ўтиш, тўғри овқатланиш ва жисмоний фаолликни тушунтиришини қайд этганди. Марказ раҳбарлари ўз соҳасида энг оғир туман ва маҳаллага бориб, касалликларнинг сабабларини ўрганади, уларга ечим беради, оилавий поликлиника ва туман шифохоналарининг врачларини касалликни даволашга ўргатади.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, бундай лойиҳалар жамиятда соғлом турмуш тарзини қарор топтиришда муҳим қадам бўлиб, фуқароларда ўз саломатлигига масъулият билан ёндашиш маданиятини шакллантиришга хизмат қилади.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА