“Саломатлик марафони” аҳоли саломатлиги йўлидаги муҳим қадам
Юртимизда аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, касалликларни эрта аниқлаш ва соғлом турмуш тарзини шакллантиришга қаратилган кенг кўламли ишлар изчил амалга оширилмоқда. Ана шундай ташаббуслардан бири сифатида “Саломатлик марафони” бутун республика бўйлаб ўтказилиб, аҳоли ўртасида тиббий маданиятни юксалтиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Жорий йилнинг 1 апрелидан бошлаб Навоий вилоятида ҳам мазкур марафон бошланди. Ой давомида ўтказилиши режалаштирилган тадбирлар аҳолини тиббий кўрикдан ўтказиш, профилактика ишларини кучайтириш ва соғлом ҳаёт тарзини тарғиб этишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Марафоннинг дастлабки тадбири Навоий шаҳридаги “Фарҳод” маданият саройи ҳудудида бўлиб ўтди. Унда “5 минг қадам” шиори остида оммавий соғлом юриш акцияси ташкил қилиниб, юзлаб иштирокчи саломатлик йўлида бирлашди. Тадбир жисмоний фаолликни ошириш билан бирга, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзига бўлган қизиқишни кучайтирди.

Албатта, касалликни эрта аниқлаш уни самарали даволаш имконини оширади. Шу боис аҳоли ўртасида тиббий маданиятни юксалтириш ва ўз саломатлигига масъулият билан ёндашишни шакллантириш муҳим вазифадир.
– Марафон доирасида вилоятнинг барча ҳудудларида кенг қамровли тиббий кўриклар, маърифий учрашувлар ва тарғибот тадбирлари ўтказилмоқда, – дейди Саломатлик ва стратегик ривожланиш институти Навоий вилояти ҳудудий бўлими бошлиғи Шавкат Туробов. – Аҳоли гавжум жойларда 4 та саломатлик нуқтаси ташкил этилиб, замонавий тиббий хизматлар кўрсатилмоқда. Жумладан, УЗИ, флюорография, 18 турдаги лаборатория ҳамда 28 турдаги диагностик текширувлар, скрининг ва профилактик кўриклар йўлга қўйилган. Шунингдек, 18 йўналиш бўйича шифокорлар аҳолига бепул маслаҳат ва тавсиялар бермоқда. Бу эса фуқаролар учун катта қулайлик яратиб, касалликларнинг олдини олишда муҳим омил бўлмоқда.

Навоий шаҳрида ҳам “Саломатлик марафони” юқори савияда ташкил этилмоқда. Тадбир кўп тармоқли марказий поликлиника ҳамда 4 та оилавий поликлиникада ўтказилиб, унда тиббиёт ходимлари ва аҳоли вакиллари фаол иштирок этмоқда.
Тадбир давомида аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, касалликларни эрта аниқлаш ва соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда шаҳардаги умумтаълим мактабларида фаолият юритаётган мактаб ҳамширалари учун “Оила саломатлиги мактаби” машғулотлари ташкил этилди. Унда репродуктив саломатлик асослари, зарарли одатлардан воз кечиш ва тиббий саводхонликни ошириш масалалари бўйича маълумотлар берилди.
Шунингдек, саломатлик нуқталарида фуқароларнинг антропометрик кўрсаткичлари аниқланиб, қон босими, пульс ва қондаги глюкоза миқдори ўлчанмоқда.

Тадбир давомида 4 та оилавий поликлиникага 41 мингдан ортиқ аҳоли мурожаат қилди. Кўп тармоқли поликлиникага йўналтирилган 9 мингга яқин фуқаро республика даражасидаги етакчи мутахассислар кўригидан ўтказилди. Уларнинг 57 нафари стационарга, 8 908 нафари эса амбулатор даволашга йўналтирилди.
Марафонда ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, 599 нафар кам таъминланган оила аъзосидан 379 нафари тиббий кўриклар билан қамраб олинди, уларнинг 89 нафари болалардир. Шунингдек, ногиронлиги бўлган шахслар ва турли тоифадаги фуқаролар ҳам тиббий кўриклардан ўтказилди.
Скрининг текширувлари доирасида 8 965 нафар аҳоли 7 турдаги текширувдан ўтди. Хусусан, 30-65 ёшдаги 829 нафар аёл кўкрак бези саратонини эрта аниқлаш мақсадида текширилди. Шу билан бирга, 118 нафар аёл бачадон бўйни саратонига қарши текширувдан ўтказилди.
Тадбир давомида 20 нафар беморда жарроҳлик амалиётлари амалга оширилди. Улардан 2 нафари 18 ёшгача бўлган болалар, 18 нафари эса катталардир. Жумладан, юқори технологияли жарроҳлик амалиётлари ҳам муваффақиятли бажарилди.
“Саломатлик марафони” аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, касалликларни эрта аниқлаш ва тиббий хизмат сифатини оширишда муҳим аҳамият касб этмоқда. Бу каби тадбирлар келгусида ҳам аҳоли фаровонлиги ва соғлом ҳаёт тарзини таъминлашда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.
А.Бўриев, ЎзА мухбири