Саломатлик — кафолатланган ҳуқуқ
Инсон ҳаётида саломатликдан қиммат неъмат йўқ. Бирор дард туфайли шифокор эшигини қоққан инсон учун энг муҳими — ташхиснинг аниқлиги, даволашнинг самарадорлиги, дори-дармоннинг мавжудлиги ва тиббий ёрдамнинг ўз вақтида кўрсатилишидир. Бугун тиббиётда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти ҳам, аввало, ана шу эҳтиёжга бориб тақалади.
Давлат тиббий суғуртаси тизимининг жорий этилиши эса тиббий хизмат кўрсатишнинг анъанавий ёндашувларидан янги, натижага йўналтирилган механизмларга ўтиш жараёнини бошлаб берди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 5 сентябрдаги “Давлат тиббий суғуртаси механизмларини жорий этишга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, Бухоро вилоятида давлат тиббий суғуртаси механизмлари 2025 йил 1 январдан ҳудудий даражада, шу йил 1 октябрдан эса барча тиббиёт ташкилотларида тўлиқ жорий этилди. Бу шунчаки тиббиёт муассасалари ишлаш тартибининг ўзгариши эмас. Бу — бемор, шифокор ва тиббий муассаса ўртасидаги муносабатларнинг янги тамойиллар асосида шаклланиши, тиббий хизматга сарфланаётган маблағларнинг натижа билан боғланиши, энг муҳими, аҳолининг сифатли тиббий ёрдам олиш имкониятини кенгайтиришга қаратилган тизимли жараёндир.
Давлат тиббий суғуртасининг асосий мақсади аҳолига кафолатланган пакет доирасида тиббий хизматлардан фойдаланиш имкониятини яратиш, тиббий ёрдамни молиялаштиришни натижага йўналтириш ва хизматлар сифатини оширишдан иборат.
Бугун аҳолиси 2 миллион нафардан ортиқни ташкил этадиган Бухоро вилоятида 235 та тиббиёт муассасаси фаолият юритмоқда. Жамғарма томонидан ушбу муассасалар билан тиббий хизматлар хариди бўйича шартномалар имзоланган.
Янги тизимнинг муҳим жиҳати шундаки, тиббий ёрдам кўрсатиш жараёнида беморнинг эҳтиёжи биринчи ўринга чиқади. Кафолатланган пакет доирасидаги хизматлардан фойдаланиш, одатда, оилавий шифокорга мурожаат қилишдан бошланади. Оилавий шифокор беморнинг ҳолатини баҳолайди, даволаш ва ташхислаш стандартларига мувофиқ зарур тиббий чораларни белгилайди. Керак бўлган ҳолларда эса беморни тор соҳа мутахассисига ёки шифохонага йўлланма асосида юборади.

Бу тартиб тиббий ёрдамни тизимли ташкил этиш, беморнинг бир муассасадан бошқасига асоссиз қатнаб юришининг олдини олиш ва тиббий ресурслардан мақсадли фойдаланишга хизмат қилади. Шошилинч ва тез тиббий ёрдам эса ушбу йўналишдан мустасно.
Ислоҳотларнинг самарасини баҳолашда рақамлар муҳим мезон. Аммо ҳар бир рақам ортида инсон тақдири, оила ташвиши ва ҳаёт учун кураш турганини ҳам унутмаслик керак.
Жорий йилнинг ўтган ойлари давомида Бухоро вилоятида 225 минг нафардан ортиқ бемор даволанган. Уларнинг қарийб 198 минг нафари бюджет маблағлари ҳисобидан тиббий ёрдам олган. Бу кўрсаткич давлат тиббий суғуртаси механизмлари аҳоли учун амалда ишлай бошлаганини кўрсатувчи муҳим натижалардан биридир. Яъни тиббий хизматдан фойдаланишда аҳолининг молиявий имконияти ҳал қилувчи омилга айланиб қолмаслиги учун давлат томонидан молиявий механизмлар шакллантирилмоқда.
Профилактика йўналишида ҳам муайян натижалар қайд этилган. Аҳолига режалаштирилган тиббий-профилактик хизматлар кўрсатиш 69,5 фоизни, профилактик кўриклар 65 фоизни, скрининг текширувлари эса 67,2 фоизни ташкил этди. Бу рақамларнинг аҳамияти шундаки, замонавий тиббиётда касалликни даволашдан кўра уни барвақт аниқлаш ва олдини олиш устувор аҳамият касб этади. Скрининг ва профилактик кўриклар қамровининг ошиши эса касалликларни дастлабки босқичда аниқлаш имкониятини кенгайтиради.
Бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларига аҳоли қатновлари жорий йилнинг шу даврида 10 миллион 743 минг 635 тани ташкил этди. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 122,5 фоизлик ўсиш демакдир. Бу кўрсаткичга фақат статистик рақам сифатида қараш тўғри эмас. Чунки бирламчи тиббий ёрдам — инсоннинг соғлиқни сақлаш тизими билан биринчи ва энг кўп учрашадиган нуқтасидир.
Аҳолининг оилавий шифокорга мурожаати кўпайиши бирламчи бўғиннинг аҳамияти ортиб бораётганини англатади. Зеро, касалликни эрта аниқлаш, профилактика, диспансер назорати ва зарур ҳолларда беморни ихтисослашган тиббий ёрдамга йўналтириш айнан шу босқичда бошланади.

Кундузги стационарда даволанганлар сони ҳам ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 445 нафарга ошгани тиббий ёрдамни аҳолига яқинлаштириш, стационар ва амбулатор хизматлар ўртасидаги боғлиқликни кучайтириш жараёнида яна бир кўрсаткич бўлиб хизмат қилмоқда.
Давлат тиббий суғуртаси механизмларининг аҳоли ҳаётига бевосита таъсир қилаётган муҳим йўналишларидан бири — реимбурсация дастуридир.
Жорий йилнинг 1 мартидан ишга туширилган ушбу тизим орқали диспансер назоратида турган беморларга зарур дори воситалари электрон рецепт асосида бепул берила бошлади. Ҳозирга қадар 228 минг нафар бемор ушбу хизматдан фойдаланган. Бунинг учун дорихоналарга 31,5 миллиард сўм маблағ тўлаб берилган.
Электрон рецептнинг аҳамияти фақат қоғозбозликни қисқартириш билан чекланмайди. У беморга белгиланган дори воситаларини тизимли равишда олиш, тиббий тавсияларни электрон шаклда юритиш ва ажратилаётган маблағларни назорат қилиш имкониятини яратади. Энг муҳими, доимий даволанишга муҳтож бемор учун дори воситаларидан фойдаланиш имконияти унинг кундалик ҳаётида катта аҳамият касб этади. 228 минг нафарлик кўрсаткичнинг ўзиёқ мазкур механизм қанчадан-қанча инсон учун амалий аҳамиятга эга эканини кўрсатади.
Давлат тиббий суғуртасининг яна бир муҳим жиҳати тиббий хизматларни молиялаштириш механизмларининг ўзгаришидир.

2026 йил учун тиббий хизматлар хариди бўйича 2 триллион 293,6 миллиард сўмлик шартномалар имзоланган. Ҳозиргача 1 триллион 448,5 миллиард сўм тўлаб берилган.
Бу ерда асосий масала фақат маблағ миқдорида эмас. Янги тизимда молиялаштиришни кўрсатилган тиббий хизматлар ва уларнинг натижаси билан боғлашга катта эътибор қаратилмоқда. Демак, тиббий муассаса учун фақат хизмат кўрсатиш эмас, уни сифатли ва белгиланган стандартлар асосида амалга ошириш ҳам муҳим аҳамият касб этади. Бу эса тиббиётда масъулиятнинг янги мезонларини шакллантиради: маблағ — хизматга, хизмат — натижага, натижа эса инсон саломатлигига боғланади. Албатта, ҳар қандай янги тизимни жорий этиш бир кунда мукаммал натижа бермайди. Янги механизмларни амалиётга мослаштириш, тиббиёт ходимларининг янги тартибларга кўникма ҳосил қилиши, аҳолининг тизим имкониятларидан тўлиқ хабардорлигини таъминлаш, электрон маълумотлар алмашинувини такомиллаштириш каби вазифалар доимий эътиборни талаб қилади. Шу нуқтаи назардан, давлат тиббий суғуртаси тизимининг кейинги босқичида рақамлардаги ўсиш билан бир қаторда аҳолининг тиббий хизматдан қониқиши, ташхис ва даволаш сифати, навбатларнинг қисқариши, дори воситалари билан таъминланиш барқарорлиги каби кўрсаткичлар ҳам муҳим мезон бўлиб қолади. Зеро, ислоҳотнинг энг катта натижаси миллиардлаб сўм ёки миллионлаб қатновлар эмас. Унинг ҳақиқий самараси — беморнинг ўз вақтида ташхис олиши, керакли даволашга эришиши, зарур дори воситасини олиши ва тиббиёт тизимига ишончи мустаҳкамланишида намоён бўлади.
Ўзбекистонда давлат тиббий суғуртаси механизмларини босқичма-босқич жорий этиш ташаббуси айнан шу мақсад — аҳолига кафолатланган ва сифатли тиббий хизмат кўрсатиш тизимини шакллантиришга қаратилган. Бухоро вилоятидаги бугунги кўрсаткичлар эса мазкур жараённинг рақамларда ифодаланган манзарасини кўрсатмоқда.
Энг муҳими, бу рақамларнинг ҳар бири ортида инсон бор.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири