“Саломатлик” газетаси – 25 ёшда
Матбуот ҳамиша ўқувчининг ахборотга бўлган эҳтиёжини қондириш билан бирга маънавий дунёқараши кенгайишига ҳам хизмат қилади.
Навоий вилоятида чоп этиб келинаётган “Саломатлик” газетаси ҳам бу вазифани бажариб, аллақачон газетхонларнинг ҳам маслакдоши ҳам сирдошига айланиб улгурган. Бугун мазкур газетанинг ўз фаолиятини бошлаганига 25 йил тўлди.
Юртимизда тиббиёт соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, эришилаётган ютуқ ва йўл қўйилаётган камчиликларни баралла айтган газетанинг чорак аср тўйи муносабати билан ташкил этилган тадбирда кенг жамоатчилик вакиллари, фахрий журналистлар, шифокорлар ва ОАВ вакиллари иштирок этди.
Тадбирда вилоят ҳокими ўринбосарлари Саъдулла Мирзаев, Яшин Душанов сўзга чиқиб, вилоят ҳокимининг таҳририят жамоасига йўллаган табригини ўқиб эшиттирди ва компьютер жамланмасини топширди.
Шунингдек, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси Олимжон Ўсаров, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Зафар Расулов ва бошқалар мамлакатимизда матбуот ва ОАВ соҳасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида тўхталиб, “Саломатлик” газетаси моддий ва маънавий қийинчиликларга қарамасдан ҳамон ўз ўқувчиларига эга эканлигини алоҳида таъкидлади.
– “Саломатлик” газетасида нафақат тиббиёт олами янгиликлари, балки ижтимоий-сиёсий, маданий, маърифий ҳаёт ҳам кенг ёритилиб борилаётганлиги унинг аудиторияси тоборо кенгайиб боришига мустаҳкам замин яратди, – дейди Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси Олимжон Ўсаров. – Таҳририят жамоаси бош муҳаррир Иброҳим Жумаев бошчилигида ўтган 25 йил мобайнида газетанинг шакли ва мазмунини янада бойитиш устида тинимсиз изланиб, бугун унинг медиа макондаги нуфузини янада мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшиб келмоқда.
Таъкидланганидек, босиб ўтилган 25 йил газета таҳририяти учун енгил кечмади. Ижодий жамоани шакллантириш, матбаа масалалари, обунани ташкил этиш, ходимларни маош билан таъминлаш каби ишларнинг барчаси доимо ташаббускорлик ва машаққатли меҳнатни талаб этади. Шу боисдан бўлса керак, нашр бугун ҳам ўз мухлисларининг кўнглини қувонтириб, ҳар ҳафта хонадонларига кириб бормоқда, тиббий, ижтимоий-сиёсий, бадиий, маънавий-маърифий йўналишлардаги хабар ва мақолалар, очерклар билан хурсанд қилмоқда.
Тадбирда таҳририятнинг барча ходимлари, жумладан, тадбирга ташриф буюрган меҳмонларга газета раҳбариятининг эсталик совғалари топширилди.
[gallery-4507]
Абдували Бўриев, Сирож Аслонов (сурат), ЎзА