“Саломатлик экспресси” Самарқандда
Республика ихтисослаштирилган кўз микрохирургияси илмий-амалий тиббиёт маркази Самарқанд филиалида Хитой Халқ Республикасининг Пекин университети халқ шифохонаси офтальмология бўлими мутахассислари иштирокида кўз катарактаси бор беморлар учун тиббий кўрик ҳамда мураккаб жарроҳлик амалиётлари ўтказилмоқда.
“Бир камар – бир йўл” ташаббуси доирасида ташкил этилган “Саломатлик экспресси” Ўзбекистон–Хитой профилактика маркази томонидан ҳар йили республикамиз ҳудудларида тиббий акциялар ўтказилиб, кўз касалликлари бор беморларда ташхислаш, даволаш ва жарроҳлик амалиётлари бажарилмоқда. Бу гал хитойлик мутахассислар Самарқандга келиб, ушбу вилоят ҳамда Жиззах, Навоий ва Қашқадарё вилоятлари аҳолисини чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказмоқда.
– Уй йилдан буён Ўзбекистон ҳудудларида “Саломатлик экспресси” лойиҳаси бўйича кўз касалликларини даволаш жараёнларида қатнашяпмиз, – дейди Пекин университети халқ шифохонаси офтальмология бўлими бош офтальмологи Бао Юн Женг. – Шу билан бирга ўзбекистонлик ҳамкасбларимиз билан илмий ва академик алмашувни йўлга қўйиб, ўзаро тажриба алмашяпмиз. Бир неча кундан буён Самарқанд кўз касалликлари шифохонасида тиббий кўрик ва операцияларда қатнашиб шунга амин бўлдикки, бу ерда ҳам беморларни даволашда энг сўнгги тиббий технологиялардан фойдаланилмоқда. Айниқса, самарқандлик офтальмологларнинг катарактани даволаш ва операция қилишда ультратовушли факоэмульсификация усулини қўллаётгани эътиборли. Бу орқали йилига 4000 гача жарроҳлик амалиёти ўтказилаётгани жуда яхши натижа. 2019 йилда мазкур муассасага келганимизда бундай тажриба йўқ эди.
Акция давомида кўз касалликларидан азият чекаётган, юқори технологияли жарроҳлик амалиётига муҳтож бўлган кам таъминланган ва ижтимоий ҳимояга эҳтиёжманд беморларга замонавий тиббий ёрдам кўрсатилмоқда. Жумладан, тиббий кўрсатмалар асосида мураккаб офтальмологик операциялар бепул амалга оширилмоқда.
– Ўн йил олдин катаракта бўйича даволанганман, – дейди Самарқанд шаҳрида яшовчи Мавсума Усмонова. – Ўшанда операция қилиш учун чет элга боришингиз керак, дейишганди. Мана энди ўзимизда ҳам шундай операцияларни ўтказиш имконияти пайдо бўлибди. Бунинг учун давлатимизга, шифокорларимизга минг раҳмат!
Тадбир доирасида хитойлик мутахассислар томонидан самарқандлик офтальмологлар учун маҳорат дарслари ҳам ўтказилмоқда.
[gallery-31280]
– Кўрик бошланганидан буён тўрт кун давомида хитойлик ҳамкасбларимиз билан бирга 60 дан ортиқ жарроҳлик амалиёти бажарилди, – дейди Республика ихтисослаштирилган кўз микрохирургияси илмий-амалий тиббиёт маркази Самарқанд филиали директори Ботир Тўхтаев. – Ҳар куни кўрик давомида операцияга муҳтож беморлар аниқланиб, белгиланган текширув ва таҳлиллардан сўнг жарроҳлик амалиётлари бажарилмоқда. Кўрик ушбу ҳафта якунига қадар давом этади.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат),
ЎзА мухбирлари