Саҳнага садоқатнинг ёрқин тимсоли
Ўзбекистон халқ артисти Ёдгор Саъдиев миллий театр ва кино санъатига умрини бахшида этган фидойи ижодкорлардан бири саналади. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Маданият, санъат ва адабиёт соҳалари ходимларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида»ги фармонига мувофиқ, устоз санъаткор «Буюк хизматлари учун» ордени билан тақдирланган эди.
Ўзбек Миллий академик драма театрида Ўзбекистон халқ артисти Ёдгор Саъдиев иштирокидаги «Адолат фасли» спектакли намойиш этилди. Мазкур спектакль намойиши санъаткорнинг муборак 80 ёш тўйи муносабати билан ташкил қилинди.

Буюк Соҳибқирон Амир Темур ўз салтанатида ижтимоий адолат, тинчлик ва фаровонликни доимо устувор билган жаҳонгир шахс сифатида тарихда қолган. «Адолат фасли» спектакли ҳам Амир Темур шахсияти, ҳаёти ва фаолияти, унинг эзгу орзу-интилишларини томошабинга ўзига хос талқинда етказиб берувчи саҳна асарларидан биридир.
Спектакль юртимиз театр ихлосмандлари томонидан катта қизиқиш билан кутиб олинди.

Тадбир иштирокчилари халқимизнинг севимли санъаткорини таваллуд айёми билан самимий қутлади.
— Юртимизда миллий театр санъати равнақига катта эътибор қаратилмоқда, — деди Ўзбекистон халқ артисти Ёдгор Саъдиев. — Бу эътибордан Ўзбек Миллий академик драма театри ижодкорларининг боши осмонга етди. Давлатимиз раҳбарининг фармонлари асосида театримизнинг тўққиз нафар актёри юксак давлат унвонлари билан тақдирланди. Бу каби қувончли воқеа театримизнинг 112 йиллик тарихида илк бор юз бермоқда. Бунинг барчаси Президентимиз томонидан театр санъати ривожига қаратилаётган юксак эътиборнинг амалий ифодасидир. Айни пайтда театрда фаолият юритган саккиз нафар марҳум санъаткорнинг оила аъзоларига ҳам давлат мукофотлари топширилди. Улар ҳам Президентимизга ўз миннатдорликларини билдирди. Отам ҳам ушбу театрда актёр бўлиб фаолият юритганлар ва 36 ёшларида вафот этганлар. Ўйлайманки, менга берилган мукофотдан отамнинг ҳам руҳлари шод бўлди.

Дарҳақиқат, театримизнинг бир асрдан зиёд тарихи кўплаб улуғ санъаткорлар, саҳна ортида меҳнат қилган фидойи инсонлар ва юзлаб ижодкорларнинг машаққатли меҳнати билан бойиган. Давлатимиз раҳбарининг маданият ва санъат соҳасига қаратаётган юксак эътибори халқимиз маънавиятини юксалтиришга хизмат қилаётган эзгу ва ибратли ишлар намунасидир.
Тантанали тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева, Ўзбекистон Республикаси маданият вазири Озодбек Назарбеков иштирок этди.
Назокат Усмонова, ЎзА