Сўхлик тадбиркор “Чумоқча”да мажмуа қурмоқда
Фарғона вилояти Сўх туманида бугунги кунда 27 та маҳалла фуқаролар йиғини бор.
Фарғона вилояти Сўх туманида бугунги кунда 27 та маҳалла фуқаролар йиғини бор. Айни кунларда уларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, ишчи–хизматчилар учун муносиб шароит яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Хусусан, “Чумоқча” маҳалла фуқаролар йиғини замонавий бинога кўчиб ўтди. Бу ерда маҳалла фаоллари, участка профилактика нозири иш фаолияти учун керакли бўлган шароитлар яратиб берилди.
— Шу кунга қадар мослашган, таъмирлаб битта хонада бир амаллаб ишлаб келганмиз, – дейди маҳалла фуқаролар йиғини раиси Ҳамро Мирбоев. – Энди қулай шароитларга эга бўлган бинога кўчиб ўтдик. Бу ерда давлат-хусусий шерикчилик асосида ҳозирга қадар 600 миллион сўмликдан ортиқ бунёдкорлик ишлари амалга оширилди.
Маҳалла ҳудудида амалга оширилаётган қурилиш ободончилик ишлари маҳалла кўркига кўрк қўшмоқда. Тадбиркор Дадахон Акбаров ташаббуси билан давлат-хусусий шерикчилик асосида умумий қиймати 4 миллиард сўмликдан зиёд бўлган лойиҳа амалга оширилмоқда. Бу ерда қурилиш, ободончилик ишлари амалга оширилиб, тўйхона, ошхона, чойхона, сартарошхона, пойабзал таъмирлаш устахонаси сингари аҳоли кундалик эҳтиёжи учун зарур бўлган маиший хизмат кўрсатиш тармоқлари ташкил этилмоқда. Сўхлик тадбиркор вилоятда биринчилардан бўлиб бошланган маҳалла ободлиги йўлидаги хайрли ишга ҳисса қўшаётганидан мамнун.
– 2020-2021 йилларда Сўх туманини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурига кўра, тумандаги “Сўх” ва “Чумоқча” маҳалла фуқаролар йиғинлари замонавий биноларга кўчиб ўтди, – дейди маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш Сўх тумани бўлими бошлиғи Фазлиддин Додакаримов. – Шунингдек, “Сариканда” “Чашма”, “Лембург”, “Ғазнов” маҳалла фуқаролар йиғинлари учун янги бино қуриш, 5 та маҳалла фуқаролар йиғинлари биноларини таъмирлаш, 27 та маҳалла фуқаролар йиғинларига компьютер жамланмалари ва мебель жиҳозлари етказиб бериш билан боғлиқ ишлар амалга оширилмоқда.
