Рязанда маданий мулоқот ва таълим ҳамкорлиги масалалари муҳокама қилинди
Россиянинг Рязань шаҳрида Ўзбекистон ва РФ ўртасидаги маданий-гуманитар алоқалар ҳамда меҳнат миграцияси соҳасидаги ҳамкорликка бағишланган қатор тадбирлар бўлиб ўтди.
Жорий йил май ойи охирида ушбу шаҳарда ўтказилган “Маданиятлар синтези” фестивалида Россия, Ўзбекистон ва Беларусдан 200 дан ортиқ дизайнер, ҳунарманд ва ижодкорлар иштирок этди. “Олмос” ўзбек миллий-маданий маркази ташаббуси билан ташкил этилган йиғинда миллий анъаналар ва замонавий услубларни уйғунлаштирган коллекциялар намойиш этилди.

Фестиваль доирасида юртимизнинг РФдаги элчиси Ботиржон Асадов мамлакатларимиз ўртасида маданият, таълим ва ёшлар алмашинуви соҳасидаги ҳамкорлик изчил мустаҳкамланаётганини алоҳида таъкидлади.
Анжуман доирасида “Олмос” миллий-маданий маркази ва Марказий Осиё дизайнерлар уюшмаси ўртасида ижодий ҳамкорлик тўғрисида битим имзоланди.

Эслатиб ўтамиз, 2026 йил июнь ойи бошида Рязань шаҳрига Ўзбекистон делегацияси ташриф буюриб, қонуний меҳнат миграцияси, таълим ва рус тилини ўқитиш масалалари бўйича музокара ўтказган эди. Делегация таркибидан Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Ёшлар ишлари агентлиги, Миграция агентлиги ҳамда бошқа идоралар вакиллари ўрин олган.

Учрашувларда ўлкамизда рус тилини ўқитиш имкониятларини кенгайтириш, махсус ўқув марказларини ташкил этиш ҳамда таълим ҳамкорлигини ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Д.Ҳакимов, ЎзА