Руминия Бош вазири истеъфога чиқди
Руминия Бош вазири Марсел Чоляку 5 май куни истеъфога чиқишини эълон қилди. Бу қарор ҳукумат раҳбари мансуб бўлган партиянинг президентлик сайлови биринчи босқичида мағлубиятга учрагандан кейин қабул қилинди.
Чоляку етакчилик қилган Социал-демократик партия (СДП) ва ҳукмрон коалиция қўллаб-қувватлаган номзод – Крин Aнтонеску пойгада учинчи ўринни эгаллаб, миллатчи Жорж Симеон ва ғарбпараст номзод Никусор Данга ета олмади.

Эслатиб ўтамиз, Европанинг ушбу давлатида аввал ўтказилган сайлов натижаси бекор қилинган. Расмийлар бу ҳолатга Россиянинг аралашуви ва қонунбузарлик содир этилганини сабаб қилиб кўрсатган. Чоляку янги президент сайланишини кутмасдан истеъфо берди. Унинг айтишича, ҳукмрон коалиция халқ ишончини йўқотган. СДП эса 18 майга белгиланган иккинчи босқичда ҳеч бир номзодни қўллаб-қувватламаслигини билдирди.
Ҳозирча президентлик пойгаси финал қисмида Симеон ва ислоҳотчи Дан ўзаро рақобатлашиши кутиляпти. Айрим таҳлилчилар эса Чолякунинг истеъфоси сиёсий кучлар ўртасидаги мувозанатни ўзгартириб юбориши ва янги коалициялар пайдо бўлишига йўл очиши мумкинлигини таъкидлаган.
М.Сайфуллаев, ЎзА