Руҳий саломатлик: ер юзида бир миллиарддан ортиқ инсон азият чекмоқда
10 октябрь — Бутунжаҳон руҳий саломатлик куни
Ушбу сана жаҳон миқёсида инсоннинг энг нозик, лекин шу билан бирга энг муҳим тиббий-ижтимоий жиҳатига эътибор қаратиш учун муҳим фурсат ҳисобланади. Бу йилги глобал муҳокамалар жамият ва соғлиқни сақлаш тизими ўртасидаги эскирган ёндашувларни қайта кўриб чиқиш, руҳий саломатликни сақлашда инсон ҳуқуқлари, эркинлиги ва шаффофликни таъминлаш зарурлигини яққол кўрсатмоқда.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан эълон қилинган сўнгги ҳисоботлар ҳамда илмий-тадқиқот маълумотлари бугунги кунда дунё аҳолиси дуч келаётган руҳий саломатлик муаммолари нақадар кўламли эканини ва уларни ҳал қилиш учун кечиктириб бўлмас қадамлар қўйиш лозимлигини исботламоқда.
Статистик маълумотларга кўра, ҳозирги кунда ер юзида ҳар етти кишидан бири, яъни жами бир миллиарддан ортиқ инсон турли руҳий саломатлик бузилишларидан азият чекмоқда. Бу кўрсаткич жамият учун жиддий сигнал бўлиб, депрессия ва хавотир ҳолатлари умумий касалланишнинг катта қисмини ташкил қилади. ЖССТ маълумотларига кўра, фақатгина депрессия ва хавотир бузилишларининг ўзи жаҳон иқтисодиётига йилига қарийб 1 триллион АҚШ доллари миқдоридаги маҳсулдорликни йўқотиш шаклида зарар келтирмоқда.
Бу эса руҳий саломатлик тиббий, шунингдек, улкан ижтимоий-иқтисодий омил эканини кўрсатади. Мутахассисларнинг сўзларига кўра, руҳий ҳолатга кўплаб омиллар — замонавий ҳаёт суръати, кундалик стресслар, ижтимоий тенгсизлик, нотўғри турмуш тарзи, шунингдек, глобал ўзгаришлар салбий таъсир қилади. Айниқса, ёшлар ўртасида руҳий барқарорликнинг пасайиши ва когнитив қобилиятлардаги қийинчиликлар илмий ҳамжамиятни жиддий ташвишга солмоқда. Дунё миқёсида ҳар юзта ўлимдан биридан ортиғи ўз жонига қасд қилиш билан боғлиқ бўлиб, инсонлар ҳаётини сақлаб қолишда профилактика ишларини кучайтириш энг олий мақсад қилиб қўйилган.
ЖССТнинг «Руҳий саломатлик атласи» ва янги ҳисоботида қайд этилишича, дунё мамлакатларида руҳий саломатликка ажратиладиган давлат харажатлари ҳамон жуда кам — ўртача соғлиқни сақлаш бюджетларининг атиги икки фоизини ташкил этади. Натижада, тиббий хизмат кўрсатиш сифати ва инфратузилмаси секин ривожланмоқда. Ҳанузгача дунё бўйлаб руҳий саломатлик муаммоларига эга минглаб инсонлар йирик стационар психиатрия шифохоналари ва ижтимоий муассасаларда сақланмоқда. Уларнинг қарийб ярми бундай ёпиқ масканларда ўз хоҳишига қарши равишда ойлар, йиллар ёки ўнлаб йиллар давомида ушлаб турилиб, ташқи дунёдан бутунлай ажратиб қўйилмоқда.
ЖССТ таҳлилларига кўра, психиатрия муассасаларига ётқизилганларнинг тўртдан биридан ортиғи (28 фоизи) олти ойдан кўп вақт давомида ўша ерда қолиб кетмоқда. Мамлакатларнинг атиги 9 фоизигина жамоатчиликка асосланган руҳий саломатлик хизматларига тўлиқ ўтган бўлиб, қолган давлатлар ҳамон ислоҳотларнинг бошланғич босқичида турибди.
Мана шундай шароитда ЖССТ томонидан илгари сурилаётган деинституционализация (DI) жараёни ҳал қилувчи аҳамият касб этади. Бу концепция узоқ муддатли шифохоналарда сақлаш моделларидан воз кечиб, инсонларни ўз жамоалари бағрида, оиласи ва яқинлари қуршовида, ҳуқуқ ва эркинликлари тўла ҳурмат қилинган ҳолда даволаш ва қўллаб-қувватлашга ўтишни талаб қилади.
ЖССТ Бош директори доктор Тедрос Гебрейесус ҳақли равишда таъкидлаганидек, инсонлар даволаниш учун ўз эркинлиги, қадр-қиммати ёки жамоадаги ўрнидан воз кечишга мажбур бўлмаслиги керак. Инвестицияларни ёпиқ муассасалардан жамоатчилик ичидаги ҳуқуқларга асосланган хизматларга йўналтириш бугунги куннинг энг устувор вазифасидир.
Шу билан бирга, жорий йилги Бутунжаҳон руҳий саломатлик кунининг асосий ғояси — «Эшитилган шахсий тажрибалар: ҳақиқий овозлар, ҳақиқий ўзгаришлар» шиори остида ҳар бир инсоннинг овоз эшитилиши муҳимлигини кўрсатади. Муассасалардаги даволаниш жараёнини, тизимнинг камчиликларини фақат бевосита шуни бошдан кечирган инсонларгина чуқур ҳис қила олади. Шу боис, руҳий саломатлик тизимларини ислоҳ қилиш, янги қўлланмалар ва қарорларни қабул қилишда шахсий тажрибага эга инсонларни фаол ҳамкор сифатида жалб этиш кутилган натижани беради. Жамоатчиликка асосланган хизматларга ўтиш жараёни фақат тиббиёт ходимларининг ташаббуси билан эмас, балки жамиятнинг барча қатламлари, шу жумладан беморлар ва уларнинг яқинлари билан биргаликда амалга оширилиши лозим.
Руҳий саломатликни асраш, инсон қадрини улуғлаш ва ҳар бир фуқаронинг тўлақонли ҳаёт кечиришини таъминлаш – бугунги кунда бутун дунё соғлиқни сақлаш ва ижтимоий сиёсатининг бош мезон бўлиб қолиши шарт.
Моҳигул Қосимова,
ЎзА