Руҳий қувват ва ишонч улашиш бахт
Инсонларга ёрдам фақат моддий кўмак эмас. Уни чин дилдан тинглай олиш, дардини ҳис этиш ва қалбан ёрдам қўлини чўзиш орқали руҳий кўмак ҳам бериш мумкин.
Оҳангарон туманидаги Тут маҳалласида фаолият юритаётган комплекс ижтимоий хизмат кўрсатувчи ходим Маҳлиё Ғойипова ҳар куни ана шундай меҳр ва эътиборга асосланган ёндашувни ўз ишида намоён этмоқда. Ҳозир Тут маҳалласида 2 минг 843 нафар аҳоли истиқомат қилади. Бу ерда 652 та хонадон ва 878 та оила рўйхатга олинган бўлиб, шулардан 45 нафари ногиронлиги бўлган шахслардир. Йил бошидан буён ижтимоий хизматлар йўналишида 400 га яқин мурожаат келиб тушган ва уларнинг 80 фоиздан зиёди ижобий ҳал этилгани тизимнинг самарадорлигини яққол кўрсатиб турибди.

Маҳалланинг Анҳор кўчасида истиқомат қилувчи 2-гуруҳ ногиронлиги бўлган шахс Файзиддин Бозоровнинг ҳаёти ҳам бу тизим орқали ижобий томонга ўзгарди. Маҳлиё Ғойипова унинг хонадонига бориб, ёлғиз эканини аниқлади. Шундан сўнг унга тегишли тартибда амалий ёрдам кўрсатилди.
Фуқарога ижтимоий ассистент бириктирилди, ҳомийлар ёрдамида уйи таъмирланди. Бепул дори-дармон етказиб берилди ва соғломлаштириш учун санаторийга йўлланма тақдим этилди. Мазкур маҳалланинг Ёшлик кўчасида истиқомат қилувчи Ровшан Ҳамраев оғир хасталикдан сўнг реабилитацияга муҳтож эди. Ижтимоий ходим ташаббуси билан унга ҳамшира бириктирилиб, мунтазам тиббий хизмат кўрсатиб келинмоқда.

– Ҳар бир хонадонга кириб, одамларнинг дардини эшитиш, уларга руҳий қувват ва ишонч улашиш ишимнинг энг асосий қисми. Одамлар ҳаётида ўзгаришлар бўлаётганини кўриш мен учун энг катта мукофот. Шуни айтиш керак, Тут маҳалласида ижтимоий хизматлар тизими фақат моддий кўмак эмас, балки меҳр, инсоний муносабат билан тақдим этмоқда, – дейди ижтимоий ходим М. Ғойипова.
А.Мусаев, ЎзА.