Россияликлар учун хориж паспортини олиш нега қийинлашди? (+видео)
Euronews нашри 2022 йилдаги мобилизациядан кейин Россияни 500 мингдан 1,3 миллионгача одам тарк этган, деб хабар берди.
Кейинчалик уларнинг кўпчилиги қайтиб келган бўлсада, аммо 2025 йил охиридан бошлаб мамлакатда яна четга кўчиб кетишга қизиқиш ошиб бормоқда. Шу билан бирга, бугунги кунда россияликлар учун хорижга чиқишнинг асосий ҳужжати бўлган хориж паспортини олиш анча қийинлашган.
Фуқаролар паспорт расмийлаштириш учун навбатга ёзила олмаётганини айтишмоқда. Бу ҳақда ОАВ ҳам, ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари ҳам хабар бермоқда. “Верстка” нашри “Госуслуги” портали маълумотларини таҳлил қилиб, бу ҳолатни тасдиқлаган. Масалан, Москвада журналист биометрик паспорт учун ариза бермоқчи бўлганида, бирорта ҳам “бўш” ёки “ўртача банд” бўлган бўлим топилмаган, яъни барча марказлар “жуда банд” деб кўрсатилган ва тизим навбатга ёзилиш қийинлиги ҳақида огоҳлантирган.
Шундай ҳолат Санкт-Петербург, Екатеринбург, Қозон ва Краснодар шаҳарларида ҳам кузатилмоқда. Ижтимоий тармоқларда фойдаланувчилар ҳам ўз муаммоларини ёзмоқда. Масалан, бир аёл декабрдан бери эри билан Москвада ҳужжат топширишга ёзила олмаётганини айтган. Петербургда яшовчи яна бир аёл эса тайёр паспортини ҳам навбатлар туфайли ола олмаётганини билдирган. Екатеринбурглик Екатерина ҳам 4 мартдан бери “жуда узун навбатлар сабабли” паспортини ола олмаётганини маълум қилган.
Ҳужжат расмийлаштиришдаги қийинчиликлар Россия аҳолисининг эмиграция ва релокация яъни инсоннинг иш, бизнес ёки бошқа сабаб туфайли кўчиб кетиши ошгани билан бир вақтга тўғри келмоқда. Маълумотларга кўра, “Россиядан кетиш” мавзусидаги ижтимоий тармоқлар орқали қидирувлар ўтган йилдагига нисбатан 2,5 баробарга ошган, март ойида эса бу кўрсаткич яна ўсган.
Бу тенденция иқтисодий вазиятнинг ёмонлашиши, айрим ҳудудлар ва Москвада интернет чекловлари, талабаларни Мудофаа вазирлиги билан ҳамкорликка жалб қилиш ва янги мобилизация тўлқини ҳақидаги гап-сўзлар туфайли кучаймоқда. Кўпчилик бу ҳолатлар армияга чақирилганлар учун чегаралар ёпилишига олиб келиши мумкин, деб хавотирда. Расмийлар эса бу хавотирларни рад этмоқда. Шу билан бирга, 2022 йил 21 сентябрдаги “Қисман мобилизация эълон қилиш тўғрисида”ги президент фармони ҳалигача бекор қилинмаган ва юридик кучда қолмоқда.
“Медуза” нашри ўқувчилари ўртасида ўтказилган сўровда баъзи иштирокчилар интернет узилишлари шахсий ҳаётга таъсир қилаётганини айтиб, мамлакатни тарк этишни хоҳлаётганини билдирган. Улар “умумий чарчоқ”, “доимий хавотирда яшаш”, ишни йўқотиш хавфи ва “алоқасиз қолиш” каби муаммоларни тилга олган.
Ижтимоий тармоқларда Россиядаги ҳозирги ҳолатни Шимолий Корея ва Хитой билан таққословчилар ҳам кўп. Президент матбуот котиби Дмитрий Песков эса россияликларни узоқ давом этадиган интернет ўчишларига тайёр бўлишга чақирган. Ҳукумат буни хавфсизлик чоралари билан изоҳлаган.
Мамлакатни узоқ муддатга ёки бутунлай тарк этиш осон эмас ва жиддий тайёргарликни талаб қилади. Илгари мобилизациядан қочиб кетганларнинг кўпчилиги кейинчалик қайтиб келгани ҳам шундан далолат беради.
Қайтиб келганлар Россияда қолган яқинларини, хорижда иш топиш қийинлигини, молиявий мажбуриятлар ва яшаш рухсатини узайтиришдаги муаммоларни сабаб сифатида келтирган.
Хориж паспорти бор россияликлар визасиз 100 га яқин давлатга қисқа муддатга бора олади. Аммо бундай имконият ҳаммада ҳам йўқ. 2022 йил маълумотларига кўра, россияликларнинг фақат 29 фоизида хориж паспорти бўлган. Кейинги ҳисоб-китобларга кўра эса, Россия аҳолисининг 47 фоизида мамлакатдан чиқиши учун бундай ҳужжатнинг ўзи йўқ ёки унинг амал қилиш муддати тугаган.
Бугунги кунда янги паспорт олиш ёки эскисини янгилаш муаммо бўлиб қолмоқда.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/adhyN0enfng" title="Rossiyaliklar uchun xorij pasportini olish nega qiyinlashdi?" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Кенжа Бекжонов, Искандар Исматов, ЎзА