Россия ва Украина ўртасидаги сўнгги зарбалар тафсилоти
Россия Ҳарбий кучлари тунда Украинанинг ҳарбий-саноат ва ёнилғи-энергетика корхоналари, логистика марказлари ҳамда ҳарбий юк ташувчи кемаларига дрон орқали оммавий зарба берди. Бу ҳақда “Анадолу” хабар берган.
РФ Мудофаа вазирлиги маълумотига кўра, Киев ва пойтахт вилоятида дрон ишлаб чиқарувчи “Туканс” корхонаси ҳамда хом ашё омбори нишонга олинган. Одессада эса 3 логистика маркази, дрон эҳтиёт қисмлари омбори ва ҳарбий юк олиб келаётган кемага шикаст етказилган.
Шунингдек, Россия ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими томонидан тун давомида мамлакатнинг ўнлаб вилоятлари, жумладан Белгород, Курск, Воронеж, шунингдек Қрим, Бошқирдистон, Татаристон ҳамда Азов ва Қора денгиз ҳудудида Украинага тегишли 514 дронни уриб туширгани хабар қилинди.
Белгород вилояти раҳбарияти ҳудуд сутка давомида 150 марта ҳужумга учраганини айтган. Зарбалар оқибатида бегуноҳ аҳоли вакиллари – саккиз киши жароҳатланган. Улардан икки нафарининг аҳволи оғир, дея баҳоланмоқда.
Ф.Яхшибоева, ЎзА