Россия дронга қарши янги тактика қўлламоқда
Россия қўшини Украина дрон ҳужумини самарасиз қилиш учун янги усул жорий этмоқда. Хусусан, ҳарбий юк фуқаролик транспорти орқали ташиляпти. Шунингдек, “Starlink” сунъий йўлдош алоқа тизими сигналини бостиришга қодир радиоэлектрон кураш воситалари ўрнатилмоқда.
Украина ҳарбийлари сўнгги йилларда ўрта масофага мўлжалланган дрон ёрдамида фронт ортидаги ёнилғи омбори, ҳаво мудофааси тизими, қўмондонлик манзили ва таъминот йўли сингари нишонларга аниқ зарба бермоқда. Бундай ўзи учар қурилмаларнинг аксарияти “Starlink” орқали бошқарилади.
Украина Мудофаа вазирлиги маслаҳатчиси Сергей Бескрестнов маълум қилишича, РФ тахминан 20 квадрат километр ҳудудда “Starlink” сигналини издан чиқариш имконига эга “Волна купол гарант” номли радио электрон кураш тизимини қўлламоқда. Ҳозиргача шундай қурилмадан камида ўнтаси аниқланган. Украина ҳарбийлари муҳим нишон сифатида баҳоланаётган бир неча шундай мосламани дрон ёрдамида йўқ қилгани ҳақида баёнот берган.
Шу билан бирга Россия ҳарбий таъминот тизимини ҳам ўзгартиряпти. Украина қўмондонлари фикрича, эндиликда рақиб ёнилғини баъзан сут ташувчи автомашина кўринишидаги фуқаролик транспортида ташимоқда. Шунингдек, кичик колонна, мотоцикл, квадроцикл ва енгил автомобилдан ҳам фойдаланиляпти. Ҳарбий юк ташландиқ бино, ер ости иншооти, ҳатто оддий ёнилғи қуйиш шохобчасида яширилаётгани айтилмоқда.
Таҳлилчилар фикрича, Украина ўрта масофали дрон орқали амалга ошираётган ҳужум урушнинг ўзига хос янгилигига айланди. РФ радио электрон кураш воситалари ва яшириш усулини такомиллаштириш орқали рақиб устунлигини чеклашга уринмоқда. Хуллас, ҳар икки томон дрон технологиясини такомиллаштиришда давом этяпти ва мазкур йўналиш уруш тақдирига таъсир қилувчи асосий омил бўлиб қолмоқда.
Мусулмон Зиё, ЎзА