Россия делегацияси Тошкент шаҳридаги “ММФИ” миллий тадқиқот ядро университети филиали талабалари билан учрашди
Россия Федерацияси Президенти Администрацияси раҳбарининг биринчи ўринбосари Сергей Кириенко бошчилигидаги делегация Тошкент шаҳридаги “Москва муҳандислик-физика институти” миллий тадқиқот ядро университетининг филиалига ташриф буюрди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 20 июлдаги “Тошкент шаҳрида “ММФИ” миллий тадқиқот ядро университети” федерал давлат автоном олий таълим муассасасининг филиалини ташкил этиш ва унинг фаолиятини ташкиллаштириш тўғрисида”ги қарори ижроси юзасидан ташкил этилган ушбу олийгоҳда бугунги кунда 250 нафарга яқин талаба жаҳон таълим стандартлари асосида таҳсил олмоқда.
Таъкидлаш керакки, “ММФИ” муҳандислик-физика соҳасида мутахассисларни тайёрлаш бўйича дунёда ўз салоҳиятига эга олийгоҳдир. Университет ядро таълими ва технологиялари бўйича дунёда тўрттинчи ўринда туради.
Делегация аъзолари олийгоҳнинг коворкинг ҳудудида талабалар билан учрашув ўтказиб, уларнинг келажакдаги режа ва мақсадлари хусусида суҳбат қурди. Бу ерда ядро физикаси, энергетика, муҳандислик ва замонавий технологиялар соҳаларига йўналтирилган таълим тизими ёшларга кенг имкониятлар тақдим этиши қайд этилди.
[gallery-28762]
Шундан сўнг меҳмонлар учун филиал бўйлаб экскурсия ўтказилди. “Виртуал реаллик ва реверс инжиниринг”, “Энергоаудит ва энергосервис”, “АЭС аналитик тренажёрлари” каби илғор муҳандислик мактаби лабораториялари фаолияти билан танишув бўлди.
Делегация вакилларига замонавий технологиялар асосида амалга оширилаётган ишлар ҳақида батафсил маълумот берилди. Жумладан, энергия самарадорлигини ошириш, ресурсларни тежаш ва корхоналарда энергия истеъмолини таҳлил қилиш бўйича амалий ишланмалар кўрсатилди. Шунингдек, лабораториялар доирасида амалга оширилаётган инновацион лойиҳалар ва стартаплар ҳам тақдим этилди.
Беҳруз ХУДОЙБЕРДИЕВ,
Носиржон ҲАЙДАРОВ (сурат), ЎзА