Россия айрим мигрантларни рус тили имтиҳонидан озод қилмоқчи
Россия Ички ишлар вазирлиги айрим мигрант ишчиларни рус тили, РФ тарихи ва қонунчилиги асосини билишини исботлаш мажбуриятидан озод қилувчи қонун лойиҳасини тайёрлади, деб ёзган РБК.
Бу қоида устувор ривожланиш ҳудудлари (УРҲ) резидентларидан иш учун рухсатнома олган чет элликларга тегишли.
Иқтисодий ривожланиш вазирлиги маълумотига кўра, Россияда якка саноат шаҳарчалари ва ёпиқ маъмурий-ҳудудий тузилмалар, шунингдек Узоқ Шарқ ва Арктикада мос равишда 16 ва 2 УРҲ мавжуд. Қонун лойиҳаси муаллифлари айни чора сармоя жалб қилиш орқали шундай ҳудудлар ривожини тезлаштиради, деб ҳисобламоқда.
2025 йил махсус ҳукумат меъёри бўйича ишлайдиган муҳожирлар имтиҳондан озод қилинган эди. Бошқалар учун тест ўтказиш тартиби эса кучайтирилган. Нашр таъкидлаганидек, рус тили имтиҳони энди кўпроқ тинглашдан иборат ва ушбу бўлим учун мажбурий ўтиш баллари жорий этилган.
Таълим ва фан вазирлиги ўтган йил октябрь-декабрь ойлари оралиғида 200 000 дан кўп одам имтиҳон топширганига урғу берган. Шундан 35,5 фоизи биринчи синовдан ўта олмаган, 87,9 фоизи эса кейинги босқични муваффақиятли топширган.
С.Раҳимов, ЎзА