Робот операцияси – тиббиётда янги босқич
Самарқанд шаҳрида тиббиётда замонавий технологиялар, роботлаштирилган жарроҳлик ва инновацион ёндашувларга бағишланган роботик онкохирургия халқаро форуми бўлиб ўтди.
Ўзбекистон, Ҳиндистон, Буюк Британия ва бошқа давлатлардан келган тиббиёт мутахассислари, жарроҳлар, онкологлар ҳамда тиббий таълим вакиллари иштирок этган анжуманда роботлаштирилган жарроҳликнинг бугунги имкониятлари ва уни амалиётга кенг жорий этиш масалалари муҳокама қилинди.
Самарқанд вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Суҳроб Зайниев, Самарқанд давлат тиббиёт университети ректори Жасур Ризаев мазкур йўналишда вилоятдаги даволаш муассасаларида йўлга қўйилган тизим ва замонавий ёндашувлар, тиббиёт ходимларининг билим ва малакасини ошириш борасидаги ишлар ҳақида сўз юритди.

Шундан сўнг форумда роботик гастректомия, робот-ассистентланган колоректал ва гинекологик жарроҳлик, урологик онкология, кичик чаноқ аъзоларида операциялардан кейинги асоратларни профилактика қилиш, тўқималар регенерацияси, патологик анатомия ва замонавий даволаш усулларига бағишланган маърузалар тингланди.
Халқаро анжуманнинг муҳим жиҳатларидан бири Самарқанд шаҳридаги хусусий даволаш муассасасида амалга оширилаётган жарроҳлик амалиётининг мутахассислар иштирокида онлайн трансляция қилиниши бўлди. Бу орқали иштирокчилар замонавий робот технологиялардан фойдаланган ҳолда бажарилаётган операция жараёнларини кузатиш ва мутахассислар билан муҳокама қилиш имконига эга бўлди.
Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири