«Роҳатой»га барча ҳавас қилади
Фарғона вилояти Қува туманидаги «Роҳатой» кўп тармоқли фермер хўжалиги ғалла ва пахта етиштиришда катта тажрибага эга.
Фарғона вилояти Қува туманидаги «Роҳатой» кўп тармоқли фермер хўжалиги ғалла ва пахта етиштиришда катта тажрибага эга.
Жорий йилда 47,5 гектар майдондаги ғалла ҳосили салмоғи юқори бўлди. Ҳар гектар ердан 80 центнердан хирмон кўтарилди.
– Мўл ва сифатли ҳосил етиштириш учун агротехник талабларни ўз вақтида амалга оширишга алоҳида эътибор қаратдик, – дейди фермер хўжалиги раҳбари Турсунали Тешабоев. – Ҳар гектар ер ўрта ҳисобда 750-800 килограмм азотли, 5 тоннадан ортиқ минерал ўғитлар билан озиқлантирилди. Бегона ўт, занг касаллигига қарши ишлов берилди. Айни кунда ғалладан бўшаган экин майдонларини пешма-пеш шудгорлаш, озуқа, сабзавот, полиз экинларини экиш ишларига киришдик.
Кўп тармоқли фермер хўжалиги чорвачилик, боғдорчилик тармоқларини ривожлантириш, қайта ишлаш, экспортга йўналтириш ишларига алоҳида эътибор қаратмоқда. Ана шу мақсадда Германиядан сутчилик йўналишида 70 бош наслдор чорва моллари олиб келинди. 11 гектар майдонда интенсив усулда гилос, нок, олма, анор боғлар ташкил қилинди. Бу тармоқ фаолиятини ривожлантириш билан бирга, 50 нафардан ортиқ янги иш ўринлари яратиш имкониятини бермоқда.