Ризамат Солиев: “Кураш орқали миллий қадриятларимиз дунёда оммалашмоқда”
Ота-боболаримиздан мерос бўлиб келаётган кураш спорти ҳақида сўз кетганда, кўз ўнгимизга аввало миллий байроғимиз тусларини эслатувчи кўк ва яшил яктакларда беллашаётган спортчилар келади.
Халқаро спорт майдонларида, юртимиздаги тўю-сайллар ва турли мусобақаларда миллий спортимиз — курашнинг жозибасини намоён этаётган шаҳду-шижоатли спортчилар азалий қадриятларимизни бутун дунёга кенг тарғиб этмоқда. Бу, албатта, эътирофга лойиқ воқелик.
Бироқ, дунёга машҳур курашчиларни тайёрлаётган, ёшларга курашнинг бетакрор усулларини қунт билан ўргатаётган мураббий-устозлар баъзан оммавий ахборот воситалари эътиборидан четда қолиб кетади.
Бугун ифтихор билан айтиш мумкинки, миллий спортимиз — курашни халқаро майдонда ривожлантириш, уни оммалаштириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг алоҳида эътибори натижасида мардлик, жасурлик, ватанпарварлик ва гуманизм ғояларини ўзида мужассам этган курашни ривожлантириш, дунёга танитиш ва уни умумжаҳон спорт дурдонасига айлантириш йўлида тизимли чора-тадбирлар кўрилмоқда.
Қисқа фурсатда кураш ўзбек миллий спорти сифатида Олимпия ҳаракати тизимидаги қатор комплекс мусобақалар дастурига киритилди. Хусусан, Ёшлар ўртасидаги Осиё ўйинлари, Ислом бирдамлик ўйинлари доирасида кураш мусобақалари ўтказилиб, “гилам”, “ҳалол”, “таъзим”, “ёнбош”, “тўхта”, “яктак” каби ўнлаб ўзбекона атамалар халқаро спорт майдонларида баралла янграмоқда.
Кураш бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Ризамат Солиев билан ўтказилган суҳбатда миллий терма жамоанинг ўтган йилги натижалари, жорий йилга мўлжалланган халқаро мусобақалар тақвими, курашни жаҳонда янада оммалаштириш борасида амалга оширилаётган ишлар хусусида сўз борди.
Шунингдек, бугунги кунда миллий терма жамоада қанча ёш спортчи шуғулланаётгани, улар учун яратилган шарт-шароитлар ҳақида ҳам фикр алмашилди.
Ризамат Солиев билан суҳбатни қуйидаги ҳавола орқали томоша қилишингиз мумкин.
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/_z54l_X6fA8?si=xeEHYUVdHkWyWZSH" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Тўлқин Рўзиев, Дониёр Ёқубов (видео), Анвархўжа Аҳмедов (монтаж), ЎзА