“Риёд – 2025”: Футзалчиларимиз муваффақиятли старт олди
Саудия Арабистони пойтахти Ар-Риёд шаҳрида VI Ислом бирдамлиги ўйинларининг футзал баҳсларида илк тур учрашувлари якунланди.
Биз учун аҳамиятли бўлган “А” гуруҳида Ўзбекистон терма жамоаси илк ўйинини Саудия Арабистонига қарши ўтказди ва 5:2 ҳисобида зафар қучди. Ушбу гуруҳдан ўрин олган Озарбайжон ва Ливия термалари баҳси 5:4 ҳисобида якунланди. Қайд этилган ушбу натижалардан сўнг, ғолиб бўлган икки жамоа 3 очкога эга бўлди.

“B” гуруҳида эса Афғонистон 6:2 ҳисобида Тожикистон терма жамоасини таслим этиб, уч очкони қўлга киритган ҳолда биринчи ўринга чиқиб олди. Шунингдек, Эрон ва Марокаш ўртасидаги ўйин 2:2 ҳисобида дуранг билан якунланди ҳамда ҳар иккала терма жамоа ўз ҳисобига бир очкодан қўшиб олди.
Энди 6 ноябрь куни 2-тур учрашувлари бўлиб ўтади. Унда Ўзбекистон – Озарбайжон, Саудия Арабистони – Ливия, Афғонистон – Эрон, Марокаш – Тожикистон учрашувига гувоҳ бўламиз.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА