Ривожланган давлатнинг асоси таълимдадир (+видео)
1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни
“Ўзбекистон халқ ўқитувчиси” унвони ва “Меҳнат шуҳрати” ордени соҳиби Феруза Ғаффорова қирқ йилдан буён ўқитувчилик қилиб, шу касбдан эъзоз ва ҳурмат топган муаллима. Самарқанд шаҳридаги 6-умумий ўрта таълим мактабида фаолият кўрсатса-да, наинки ушбу таълим муассасасидаги, балки вилоятдаги мактаблар математика фани ўқитувчилари уни ўзларига устоз деб билишади. Билмаганларини ундан сўрашади, тажрибаларини ўрганишади.
– Ҳар қандай давлатнинг ривожланиши, аҳолининг бахтли ва фаровон яшаши асоси – таълим, – дейди Ф.Ғаффорова. – Шунинг учун Президентимиз Шавкат Мирзиёев таълим соҳасини ислоҳ қилишга алоҳида эътибор қаратмоқда. Ўтаётган йилга “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили” деб ном берилиши ҳам бежиз эмас. Таълим сифатини ошириш, ёшларимизнинг пухта билим олиши ва касб-ҳунар эгаллашига имконият яратиш давлатимизнинг тараққиётини белгилайди. Давлат дастурига кўра, соҳада, хусусан, мактаб таълимида бу йил жуда катта ўзгаришлар амалга оширилмоқда. Президент мактаблари ва ихтисослашган мактаблар баҳолаш тизими энди мактабларга ҳам жорий этилади.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/fuGLe0RHCVM" title="Ривожланган давлатнинг асоси таълимдадир" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>Дарсликлар янгиланмоқда. Ўқув дастурлари боланинг ёши, лаёқати ва қизиқишидан келиб чиқиб, янгиланмоқда. Ўқитувчилар меҳнатига ҳақ тўлаш тизими такомиллашди. Яна кўплаб янгиликлар жорий этилмоқда тизимда. Бундан қувониш керак ва ўз навбатида бу ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш лозим. Айниқса, биз – педагоглар бу ишда фаол бўлишимиз керак. Назаримда, мактабда ҳаётдан мамнун инсонлар ишлаши ва буни ўқувчиларга ҳам сингдириши зарур.
Янги ўқув йили арафасида, яъни 28 август куни давлатимиз раҳбари мактаб таълими сифатини ошириш юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказди. Ана шу йиғилишда олдимизда турган вазифалар белгилаб берилди. Эришган натижаларимиз таҳлил этилди, шу билан бирга йўл қўйилган камчиликлар қайд этилди. Бу биз учун янги ўқув йили олдидан ўз режа ва мақсадларимизни қайта кўриб чиқиш учун туртки бўлди.
ЎзА мухбирининг Феруза Ғаффорова билан видеосуҳбати Президентимиз раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида билдирилган фикрлар, айни пайтда таълим соҳасидаги янгилик ва ўзгаришлар ҳақида бўлди.
Ғолиб Ҳасанов, Алишер Исроилов (видео), ЎзА мухбирлари.