Риштонда ҳунармандчилик маркази қурилмоқда
Фарғонада миллий ҳунармандчиликнинг машҳур брендлари бор. Марғилоннинг камалакдек товланадиган атлас ва адраслари, Риштоннинг бетакрор кулолчилик санъати, Қўқоннинг ёғоч ўймакорлиги ва наққошлик мактаблари довруғини жаҳон аҳли яхши билади.
Фарғонада миллий ҳунармандчиликнинг машҳур брендлари бор. Марғилоннинг камалакдек товланадиган атлас ва адраслари, Риштоннинг бетакрор кулолчилик санъати, Қўқоннинг ёғоч ўймакорлиги ва наққошлик мактаблари довруғини жаҳон аҳли яхши билади.
Ўтган йилда илк бор Қўқон шаҳрида халқаро ҳунармандчилик фестивали кенг нишонланди. Жаҳон ҳунармандлар кенгаши томонидан шаҳарга “Жаҳон ҳунармандлари шаҳри” деган юксак унвон берилди. Яъни, Қўқон шаҳри дунё ҳунармандчилик харитасида ҳам муносиб ва мустаҳкам ўрин эгаллади. Юксак мақомга сазовор бўлган латиф шаҳар бундан буён ҳар икки йилда ушбу фестивалга мезбонлик қилади. Демак, эндиликда миллий қадриятларимизни бутун дунёга тараннум этиш, туризмни ривожлантириш, истиқболли бизнес-режаларни рўёбга чиқаришда ҳунармандчилик Фарғона брендига айланиши керак.
Риштон туманида бўш турган бино ўрнида 1,1 гектар ерда “Ҳунармандчилик маркази” биноси қурилишига тамал тоши қўйилди. Ўзига хос “Кулоллар шаҳарчаси”да 20 нафар кулол учун махсус устахона, дўконлар барпо этилиши режалаштирилмоқда. Хорижий ва маҳаллий сайёҳлар учун мажмуа таркибида меҳмонхона қурилиши ҳам кўзда тутилган. Шу тариқа ушбу марказда 100 та янги иш ўрни яратилади.
Марғилон шаҳрида эса биринчи қаватда устахоналар, иккинчи қаватда турар-жойлар бўладиган Ҳунармандлар мажмуаси фойдаланишга топширилиши арафасида. Шунингдек, марказда ипак гиламлар ва миллий матолар тўқиш йўлга қўйилиб, мунтазам равишда миллий ҳамда халқаро ҳунармандчилик кўргазмалари ташкил этилади. Қурилиш ишлари якунига етаётган марказда 200 та иш ўрни яратиш мўлжалланмоқда.
–Айни пайтда 250 та савдо растаси бўлган 4 минг квадрат метрдан иборат “Ҳунармандлар бозори” тайёр ҳолатга келтирилди, – дейди “Ҳунарманд” уюшмаси Фарғона вилояти бошқармаси бошлиғи Расулжон Мирзааҳмедов. – Бугунги кунга қадар марказда фаолият олиб бориш истагида бўлган Марғилон шаҳри, Қўштепа ва Тошлоқ тумани ҳунармандларидан келиб тушган 450 дан ортиқ аризалар асосида рўйхат шакллантирилди.
Фестиваллар юртига айланаётган Марғилон ва Қўқон шаҳарлари ҳунармандчилик Фарғонанинг ўзига хос бренди бўлишини таъминлайди.