Риштон кулоллари дунёни ҳайратга солмоқда
Шарофиддин Юсупов бор йўғи уч хил ранг билан ишлаб, юзлаб турдаги маҳсулотлар яратади. Аммо бир санъат асари ҳеч қачон такрорланмайди.
Риштон – Буюк Ипак йўлида жойлашган Фарғона водийсининг энг қадимги масканларидан. Оддий соз тупроқдан мўъжиза яратаётган риштонлик кулоллар меҳнати асрлар давомида дунё халқларини ўзига ром этиб келади.
Бу бежиз эмас. Боиси улар томонидан тайёрланган маҳсулотлар ўзига хос кўриниши, табиий ва қалампир нусхали тилсимий нақшларга бойлиги билан алоҳида ажралиб туради. Айни кунларда бу ерда кулолчилик мактабининг анъаналари изчил давом этиб келяпти.
Уста Исомиддиннинг кулолчилик цехидаги 40 нафар шогирдлар ёнида иш ўргана бошлаган беш ёшли болакай кечқурунлари онаси Моҳинисо чевар тайёрлайдиган нақш жилолари кўзни қамаштирувчи халқ амалий санъати буюмларини ҳайрат ва ҳаяжон билан томоша қилар эди...
Кулоллар сулоласининг еттинчи авлоди сифатида ана шу оила муҳитида улғайган Ўзбекистон Бадиий академияси академиги, Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби, “Фидокорона хизматлари учун” ордени соҳиби Шарофиддин Юсупов бўлади. Етмиш йилдан буён кулолчиликдан ҳалол ризқ топаётган бу инсон устоз кулоллар – Ҳотамбой Полвонов, Йигитали Маҳмудов, Ҳакимжон Сатторов, Мирзоҳид Комилов ёнида истеъдодини чархлади. Наманганнинг машҳур Ғурумсарой қишлоғида устозлари Ҳакимжон Сатимов, Мақсутали Туропов, Маҳмуджон Раҳимов хонадонларида яшаб, наққошликни ўрганди.
Бир неча асрлик тарихга эга Риштон кулолчилиги йигирма биринчи асрда дунёга машҳур бўлишида Алишер Назиров, Рустам Усмонов қаторида Шарофиддин Юсуповнинг ҳам хизмати беқиёс. Уста кулол серқирра истеъдоди туфайли узоқ йиллар мобайнида АҚШ, Франция, Япония, Россия каби дунёнинг энг кибор жамиятларининг ҳам олқишига сазовор бўлиб келмоқда. Бу инсон яратган кулолчилик мўъжизалари бугун жаҳоннинг кўплаб машҳур музейларида сақланади.
Риштоннинг туристик харитасига киритилган ота-боболардан мерос бу кўҳна ҳовлига эса ҳамиша дунёнинг турли қитъаларидан меҳмонлар ташриф буюради. Сулоланинг саккизинчи авлоди бўлган ўғиллари Фирдавс ва Суҳроб анъанавий Риштон кулолчилик мактабини кенг тарғиб этмоқда. Шу кунларда океан орти мамлакатида сафарда бўлиб турган Фирдавс АҚШда ўтказиладиган баҳорги ва кузги ҳунармандчилик кўргазмаларининг доимий иштирокчиси ҳисобланади. Сулоланинг тўққизинчи авлоди бўлган набираси Камрон Шарофиддинов эришаётган ютуқлар ҳам чакки эмас. Айни пайтда Камрон туманда сайёҳликни ривожлантириш мақсадида янги ғояларни амалга ошириш ҳаракатида юрибди.
– Яқинда Президентимиз давлат ташрифи билан Японияда бўлди, – дейди уста кулол. – Маданият ва санъат соҳаси вакиллари қаторида мен ҳам кунчиқар мамлакатда бўлиб, Япониянинг бир неча ҳудудларида кулолчилик бўйича маҳорат дарслари ўтказдим.
Кулолнинг кулиб-кулиб эслашича, совға сифатида олган кулолчилик буюмлари йўлда синиб қолибди. Мураккаб вазиятдан чиқиш учун ижодий фантазиясини ишга солиб, учрашувлар чоғида синган буюм парчаларига ажойиб нақшлар билан ишлов беради. Маълум бўлишича, японларда ана шундай санъат тури бор экан. Халқларимиз ўртасидаги ижодий ва руҳий уйғунликдан ҳайратга тушган японлар риштонлик кулолни роса олқишладилар. Япония матбуоти ўша кунлари Шарофиддин Юсупов ҳақида ўнлаб мақолалар чоп этди.
Авлоддан-авлодга ўтиб келаётган ривоятларда, бундан уч юз минг йиллар олдин туманга жуда катта сел келиб, баланд тоғдан кулолчиликка мос табиий хомашё – тупроқни оқизиб келгани айтилади. Ўша-ўша туманда кулолларнинг юзлаб сулолалари шаклланиб, бобомерос ҳунар авлоддан-авлодга ўтиб келмоқда.
Шарофиддин Юсупов бор йўғи уч хил ранг билан ишлаб, юзлаб турдаги маҳсулотлар яратади. Аммо бир санъат асари ҳеч қачон такрорланмайди. Шу боис кулоллар ўртасида “Ўтга сол ва бахтингдан кўр!” деган ибора жуда машҳур. Кулол йиллар давомида қўлига мўйқалам олмаслиги мумкин. Лекин бир ишга киришса, беш кунда битта санъат кўргазмаси учун етадиган кулолчилик маҳсулотларини тайёрлайди. Баъзан 6-7 соат бир жойда ўтириб ишлашга тўғри келади. Бунда қандайдир илоҳийлик бор.
Фарғонага келган хорижлик сайёҳ ва меҳмонлар кулоллар юртига “бош суқмай” кетмайди. Чунки уста ҳунармандлар томонидан тайёрланган кулолчилик маҳсулотлари ҳар қандай кишини ўзига мафтун қилади.