Риэлторлар қонунийлик, холислик, ҳалоллик, ахборот махфийлиги каби принципларга амал қилади
Кўчмас мулк бозори сўнгги йилларда жадал суръатлар билан ривожланмоқда. Янги турар жой мавзелари барпо этилмоқда, ипотека бозори кенгаймоқда, инвестициявий фаоллик ортиб бормоқда.
Шу билан бирга, бозорда норасмий воситачиларнинг кўпайиши, “яширин иқтисодиёт”нинг сақланиб қолиши ва айрим ҳолларда фуқароларнинг ҳуқуқлари бузилиши каби салбий ҳолатлар ҳам учрамоқда.

Ялпи мажлисда сенаторлар риэлторлик фаолиятини тартибга солиш соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг замонавий тенденциялар ва қонунчиликдаги ўзгаришларга мувофиқлигини қайта кўриб чиқиш зарурати юзага келаётганини таъкидлади. Шу мақсадда ишлаб чиқилган “Риэлторлик фаолияти тўғрисида”ги қонун муҳокама қилинди.

– Қонунда риэлторлик фаолиятининг асосий принциплари белгиланмоқда, – деди Сенатнинг Бюджет ва ва иқтисодий масалалар қўмитаси раиси Эркин Гадоев. – Бу – қонунийлик, холислик, ҳалоллик, ахборот махфийлиги ва манфаатлар тўқнашувига йўл қўймасликни ўз ичига олади. Ушбу қоидалар орқали ҳар бир риэлтор ёки кўчмас мулк агенти ўз мижозига ҳалол хизмат кўрсатиш, унинг ишончини оқлаш мажбуриятини олади.
Қонунда жамоат бирлашмалари ўзини ўзи бошқаришнинг асосий механизмларидан бири сифатида белгиланмоқда. Улар сертификатлар беради, риэлторларнинг малакасини баҳолайди ва уларнинг касбий хулқ-атвори устидан назорат олиб боради.
Қонуннинг асосий мақсади бизнеснинг “соядан” чиқишини рағбатлантириш учун шарт-шароитлар яратиш, очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, легал бизнес юритишнинг нуфузини ошириш, яширин иқтисодиётга қарши курашишга кенг жамоатчиликни жалб қилишдан иборат.
Сенаторлар маъқуллаган қонун кўчмас мулк бозори иштирокчиларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш, шунингдек, истеъмолчилар ҳуқуқларини самарали ҳимоялашга хизмат қилади.
Н.Абдураимова,
Н.Ҳайдаров (сурат),
ЎзА