Резина қувур фуқаронинг ўлимига сабаб бўлди
Яшаш бахти ҳар бир инсонга берилган инъом. Ана шу инъом этилган умрни мазмунли ўтказиш, яхши ном қолдириш ҳар кимнинг ўзига боғлиқ. Бировнинг ҳаёти ва соғлигига қилинган тажовузни эса оқлаш ёки хаспўшлашнинг имкони йўқ.
2022 йил 7 февраль куни соат 17:00 ларда 43 ёшли Ю.О. Тошкент шаҳри Бектемир тумани Мажнунтол маҳалласида жойлашган хонадонда бўла туриб, ушбу хонадонда таъмирлаш ишларини олиб бориш учун ўзи билан бирга келган 43 ёшли Б.Э. билан ўрталарида келиб чиққан келишмовчилик натижасида, ўзаро жанжаллашиб, Ю.О. резинадан ишланган қувур (шланг)нинг бўлаги билан Б.Э.ни танасининг турли соҳаларига бир неча маротаба уриб, тан жароҳати етказган.
Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти матбуот хизмати хабарига кўра, Б.Э. олган тан жароҳатлари билан Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказига ётқизилган. Аммо кўрсатилган тиббий муолажаларга қарамасдан у вафот этган.
Яшаш ҳуқуқи инсоннинг энг асосий, ҳам табиий, ҳам ижтимоий ҳуқуқи. Конституциямизнинг 24-моддасида ҳам “Яшаш ҳуқуқи ҳар бир инсоннинг узвий ҳуқуқидир. Инсон ҳаётига суиқасд қилиш энг оғир жиноятдир”, деб қайд этилган.
Мазкур ҳолат юзасидан Бектемир тумани бўйича ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Ю.О.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 104-моддаси 3-қисми “д” банди (қасддан баданга оғир шикаст етказиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.
Ҳозирда жиноятнинг келиб чиқиш сабаблари ўрганилмоқда.
Таъкидлаш жоизки, бу турдаги жиноятлар учун Жиноят кодексининг нормаларига кўра, 8 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланган.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА