Республика олимпиадасида бухоролик ўқувчи ғолиб бўлди
Жорий йилнинг 23-24 март кунлари Ал-Хоразмий номидаги математика олимпиадасининг республика босқичи бўлиб ўтди.
Мазкур босқичда ўз ҳудудидан ғолиб бўлган 6 нафардан жами 84 нафар, Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш Агентлиги тасарруфидаги мактаблардан 18 нафар, жами 102 нафар ўқувчи қатнашди.
Улар орасида 6 нафар бухоролик иқтидорли ўқувчи ҳам ўз билимларини синовдан ўтказди.
Олимпиаданинг дастлабки кунида иштирокчилар ёзма иш топшириқларини бажарган бўлса, кейинги кун тест синовларидан ўтди.
Бухоролик ёшлар ушбу олимпиадада ҳам ўз иқтидорларини намойиш этиб, ғолиблик шоҳсупасидан ўрин эгаллади.
Якуний натижаларга кўра, ҳар иккала босқичдан юқори балл тўплаган Қоракўл Халқаро математика мактабининг 8-синф ўқувчиси Ўлмас Худайбердиев мутлақ ғолибликни қўлга киритди.
Ушбу мактабнинг яна икки нафар ўқувчиси – Юсуф Ортиқов ва Мирсаид Рахмонқулов, Шофиркон туманидаги 55-ИДУМ ўқувчиси Миршод Мухаммедов фахрли 3-ўринни эгаллади.
Зариф Комилов, ЎзА