Репродуктив саломатлик, гендер зўравонлиги ҳамда одам савдосига қарши курашиш масалалари муҳокама қилинди (+видео)
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Юридик кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институтида репродуктив саломатлик, гендер зўравонлиги ҳамда одам савдосига қарши курашиш масалаларига бағишланган илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.
Конференция доирасида мамлакатимизда одам савдосига қарши курашишнинг ҳуқуқий асослари, ушбу йўналишда амалга оширилаётган ислоҳотлар ва эришилаётган натижалар кенг муҳокама қилинди. Шу билан бирга, гендер зўравонлиги ва одам савдоси билан боғлиқ жиноятларни тергов қилиш жараёнида инсон ҳуқуқларини таъминлаш, хусусан аёллар репродуктив саломатлигини ҳимоя қилишнинг процессуал кафолатлари алоҳида эътиборда бўлди.
Тадбирда репродуктив саломатликни муҳофаза қилиш, замонавий тиббий ёндашувлар, жумладан ёрдамчи репродуктив технологиялар (ЭКО)нинг аҳамияти ва уларни ҳуқуқий тартибга солиш масалалари ҳам атрофлича кўриб чиқилди. Шунингдек, суррогат оналикнинг халқаро тажрибаси, уни миллий қонунчилик асосида тартибга солиш истиқболлари юзасидан фикр алмашилди.
Бундан ташқари, аёллар репродуктив саломатлигини таъминлашда мавжуд муаммолар, уларни ҳал этишнинг ҳуқуқий механизмлари ҳамда амалий чоралар юзасидан таклифлар билдирилди. Аёлларнинг касбий фаолиятида стрессга чидамлиликни ошириш, самарадорликни таъминлаш масалалари муҳокама марказида бўлди.
Конференция давомида соғлиқни сақлаш тизимини рақамлаштириш, тиббий маълумотлар хавфсизлигини таъминлаш, замонавий ахборот технологияларини жорий этиш орқали тизим самарадорлигини ошириш масалалари ҳам муҳим йўналиш сифатида қайд этилди.
Мазкур конференция турли соҳа мутахассисларини бир майдонга жамлаб, долзарб муаммоларни комплекс ёндашув асосида муҳокама қилиш, илғор тажрибаларни ўрганиш ҳамда амалий ва ҳуқуқий ечимларни ишлаб чиқишда муҳим аҳамият касб этди.
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/Q2tnBVorA44?si=SeMXI2pnhXnPq1_r" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Муҳайё Турдалиева, Анвархўжа Аҳмедов, ЎзА