Реновацияни амалга оширишда мулк эгаларининг розилиги олиниши зарур
Давлатимиз раҳбари 2026 йил 10 июнда “Шаҳарсозлик реновацияси тўғрисида”ги қонунни имзолади.
Қонунга кўра, шаҳарсозлик реновациясини амалга ошириш учун шаҳарсозлик реновацияси ҳудудида жойлашган турар ва нотурар жойларнинг эскиргани, яшаш ва фойдаланиш учун яроқсиз бўлиб, авария ҳолатига келиб қолгани, ҳудуд аҳолисининг ижтимоий ҳаётига жиддий таъсир қиладиган ҳолатларнинг мавжудлиги инобатга олинади.
Шаҳарсозлик реновациясининг мавжуд объектнинг асосий конструкциясини ўзгартирмасдан реконструкция қилиш, мавжуд объектни бузиш ва бўшаган ер участкасида бузилган объект тоифасидаги янги объектни қуриш, яшил ҳудудларни ва бошқа ҳудудий зоналарни ташкил этиш каби турлари бор.
Шаҳарсозлик реновациясини амалга ошириш бўйича таклиф давлат, ҳуқуқ эгалари, учинчи шахсларнинг ташаббусига кўра киритилиши мумкин.
Қонунга кўра, ҳуқуқ эгалари билан очиқ муҳокама реновация лойиҳасининг концепцияси ишлаб чиқилган кундан эътиборан 2 ой ичида ўтказилади.
Очиқ муҳокамада объектларни реновация лойиҳасига киритиш учун ҳар бир объект эгаларининг камида 4/5 қисмининг нотариал тасдиқланган ёзма розилигини олиш реновацияни амалга оширишнинг мажбурий шартларидан биридир.
Ҳуқуқ эгаси реновация лойиҳасини амалга оширишда ўз хоҳишига кўра компенсация олиши ёки ҳисса қўшувчи сифатида иштирок этиши мумкин.
Компенсация шаҳарсозлик реновацияси амалга ошириладиган ҳудудда янги қуриладиган турар ва нотурар жой тоифасидаги объектни мулк қилиб бериш; бошқа жойдан турар ва нотурар жой тоифасидаги объектни мулк қилиб бериш; пул маблағлари; келишув битимида назарда тутилган бошқа шакллар каби кетма-кетликда бўлиши мумкин.
Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан 6 ой ўтгач кучга киради.
Н.Абдураимова, ЎзА