Ректор ёшлар билан учрашди (+видео)
Фотима ва Зуҳра Раҳматовалар Навоий давлат кончилик ва технологиялар университети Кончилик факультетининг 4-курсида таҳсил олишади. Бу эгизак қизлар 2020 йилда мазкур факультетнинг Кончилик электр механикаси йўналишига давлат гранти асосида талабаликка қабул қилинган эди.
Пухта эгалланган билим, йиллар давомида қилинган меҳнат жорий йилда ўз натижасини берди. Яқинда Фотима Раҳматова Беруний номли давлат стипендиясини олишга эришган бўлса, Зуҳра Раҳматова эса Ислом Каримов номидаги давлат стипендияси соҳибаси бўлди.
Албатта, бир оиланинг икки фарзанди эришган бу ютуқ улар учун катта муваффақият.
– 3 йил мобайнида турли танловларда иштирок этиб, бир қатор ютуқларга эришдим, – дейди Ф. Раҳматова. – Бу йил хурсандчиликларим икки карра бўлди. Мен Беруний номли давлат стипендияси, синглим Зуҳра Раҳматова эса Ислом Каримов номидаги давлат стипендия соҳибаси бўлди. Бу ютуқ бизнинг эмас, бизга йўл-йўриқ кўрсатган илмий раҳбарларимиз ва кафедрамиздаги барча устозларимиз меҳнатидир. “Гидравлик ишчи суюқликларнинг ифлосланганлик даражасини аниқлаш” мавзусида илмий изланишлар олиб бордим ва буни келгусида магистратура босқичида давом эттириш ниятим бор.
Фотима ва Зуҳра Раҳматова сингари талабаларнинг эришаётган ютуқлари Навоий давлат кончилик ва технологиялар университети ректори Бахтиёр Марданов билан бўлиб ўтган “Ректор ва ёшлар” учрашувида алоҳида қайд этиб ўтилди.
[gallery-15144]
Бугунги кунда олий таълим муассасасида 300 нафарга яқин педагог 9,5 минг нафар ёш мутахассисга таълим бераётган бўлса, университет ҳузуридаги Нукус кончилик институти, Навоий шаҳридаги академик лицей ва Зарафшон, Ғозғон шаҳарлари ҳамда Учқудуқ ва Кармана туманидаги техникумларда ҳам юзлаб устозлар фаолият юритмоқда.
– Жорий йилда Навоий давлат кончилик ва технологиялар университети делегациялари Япония, Жанубий Корея, Россия, Германия, Испания каби 10 дан ортиқ ривожланган мамлакатларнинг дунёнинг ТОП университетлари фаолияти билан танишиб қайтишди, – дейди университет ректори Б.Мардонов. – Мазкур ташрифлар давомида талабалар ва магистрлар академик алмашуви ҳамда профессор- ўқитувчиларнинг стажировкалари бўйича келишувларга эришилди. Энг муҳими, педагогик жамоамиз сафи тобора кенгайиб бораётган экан, илмий салоҳият ҳам ортаяпти.
Албатта, университет ўқитувчилари билан бирга талаба -ёшлар ҳам қатор ютуқларни қўлга киритишмоқда. Жумладан, Қувончбек Бектамошов Ўзбекистон Республикаси Президенти гранти танлови, Мухлиса Ҳамроева Президент стипендияси, Зуҳра Раҳматова Ислом Каримов номли давлат стипендияси, Дилфуза Мансурова, Фотима Раҳматова, Нафиса Моҳиловалар Беруний номидаги давлат стипендияси ғолиблари бўлишди.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/aE5UaZZyvHI" title="Rektor yoshlar bilan uchrashdi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>– 2023 йил мен учун жуда омадли келди, – дейди Кончилик факультети Ноёб ва радиоактив металл рудаларни қазиб олиш ва қайта ишлаш техикаси ва технологиялари йўналиши 4-босқич талабаси – Дилфуза Мансурова. – Чунки жорий йилда мен Беруний номидаги давлат стипендияси соҳибаси бўлдим. Катта мақсадларимдан бирига эришдим. Эндиликда мен магистратура босқичига имтиёзли равишда қабул қилинишим мумкин. Бу ютуққа эришишим замирида устозларимнинг кўмаги, ота-онамнинг менга бўлган ишончи ҳамда катта меҳнат, сабр ётибди, десам муболаға бўлмайди. Бу ютуқ билан тўхтаб қолмоқчи эмасман. Келгусида мана шу университетнинг магистратура босқичида устозларим билан биргаликда илмий ишларимни янада кенгайтирган ҳолда устозларимга муносиб шогирд бўлишга, ўзим танлаган соҳа бўйича етук мутахассис бўлишга ҳаракат қиламан.
Учрашуда фаол ва ютуқларга эришаётган бир гуруҳ талабалар ва уларнинг ота-оналарига миннатдорлик сифатида ректорнинг ташаккурномаси топширилди.
Тадбир давомида “Miss universitet” танлови ғолиблари аниқланиб, тақдирландилар.
А.Бўриев, С.Аслонов (сурат,видео), ЎзА мухбирлари