“Ректор ва ёшлар” учрашуви ўтказилди
Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетида “Ректор ва ёшлар” мавзусида учрашув бўлиб ўтди.
Тадбирнинг асосий мақсади талаба-ёшларнинг муаммо ва таклифларини эшитиш, уларнинг талаб ва эҳтиёжларини қондириш, шунингдек, талабалар ҳаётидаги долзарб масалаларни муҳокама қилишдан иборат бўлди.

Учрашув олдидан иштирокчиларга олий ўқув юрти фаолияти, талаба-ёшларни қўллаб-қувватлаш борасидаги тадбирлар ҳақида видеоролик намойиш этилди. Университет ректори, академик Аҳмед Реймов сўзга чиқиб, ёшларнинг илм-фан соҳасидаги ютуқлари, ижтимоий ҳаётдаги фаоллиги ва уларнинг мамлакат тараққиётидаги ўрнига тўхталди.
Учрашув давомида талаба-ёшлар ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилди. Хусусан, таълим сифатини ошириш, дарс жараёнларини инновацион технологиялар ёрдамида такомиллаштириш, илмий лойиҳаларда иштирок этиш имкониятларини кенгайтириш, спорт ва маданий тадбирларни кўпайтириш каби масалалар муҳокама қилинди. Кутубхона фондини кенгайтириш, қўшимча тўгараклар ташкил этиш, янги магистратура мутахассисликларини очиш каби масалалар ҳақида савол ва таклифлар билдирилди.

Айрим масалалар жойида ҳал этилди, айримлари бўйича тегишли бўлимларга топшириқ берилди. Хусусан, келгуси ўқув йилида университетда янги талабалар турар жойи фойдаланишга топширилиши, қўшимча спорт тўгараклари ва чет тиллари курсларини ташкил этиш, кутубхона фондини янги адабиётлар билан бойитиш режалаштирилгани маълум қилинди.

Тадбир якунида ректор А.Реймов талаба-ёшларни ўз интилишлари ва ташаббуслари билан мамлакатимиз тараққиётига ҳисса қўшишга чақирди. Мазкур учрашув талабалар ва раҳбарлар ўртасида самимий мулоқот муҳитини яратган ҳолда, келгусидаги режаларни белгилаб олиш учун муҳим минбар бўлди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири