Ректор битирувчи талабалар билан мулоқот ўтказди
Андижон давлат университети ректори Бахтиёржон Акбаралиев “Ректор ва ёшлар учрашуви” доирасида спорт ва санъат, ижтимоий-иқтисодиёт, IT инжиниринги, тарих, филология факультетларининг битирувчи талабалари билан учрашиб, мулоқот ўтказди.
Айни кунда Андижон давлат университетидаги мавжуд 8 та факультетда 66 та ихтисослик бўйича кундузги таълим йўналишида 6 минг 266 нафар талаба таҳсил олади. Улардан 1 минг 455 нафари битирувчи талаба ҳисобланади.
Учрашувда ректор кейинги йилларда мамлакатимизда олий таълим тизимини ислоҳ қилиш, ўқитишни халқаро талаблар даражасига олиб чиқиш, малакали мутахассислар тайёрлаш, талаба ёшларнинг ўқиб, пухта билим олиши, ўз иқтидор ва салоҳиятларини юзага чиқаришлари учун барча шароитлар яратиб берилаётганлигини таъкидлади. Айниқса, талабаларнинг муаммоларини ҳал этиш, таклиф ва ташаббусларини қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилаётганлиги қайд этилди.

Бу борада Андижон давлат университетида ҳам зарур ишлар олиб борилаётганлиги ҳақида маълумот берилди. Хусусан, университет раҳбарияти томонидан контракт асосида таҳсил олаётган кам таъминланган, эҳтиёжманд оилалар фарзанди бўлган кўплаб талабаларга контракт, шунингдек, ўқиётган талабаларга ижара пуллари тўлаб берилди. Бундан ташқари, талабаларнинг муаммоларини ҳал этиш, таклиф ва ташаббусларини қўллаб-қувватлаш учун зарур ёрдамлар кўрсатилди.

Эркин мулоқот, фикрлар алмашиш тарзида ўтган учрашувда университетдаги муаммо, имконият ва истиқболлар хусусида атрофлича сўз юритилди. Талабалар томонидан мавжуд муаммоларни бартараф этиш, ўқиш, амалиёт ўташ, ишга жойлашиш юзасидан таклифлар билдирилди.

Ректор муаммоларни ҳал этиш бўйича мутасаддиларга тегишли топшириқлар берди. Талабаларнинг таклиф ва ташаббусларини қўллаб-қувватлашга ҳамиша тайёр эканлигини таъкидлади.

Учрашувда ректор талаба ёшларни яратиб берилаётган кенг имкониятлардан унумли ва самарали фойдаланишга чақирди. Шу билан бирга, битирувчи талабаларнинг пухта билим олиб, юрт, жамият равнақи йўлида самарали хизмат қиладиган малакали мутахассислар бўлишига ишонч билдирди.
Ф. Убайдуллаев,
З. Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари.