Реконструкция жараёнлари давом этмоқда
Бугунга қадар Бухоро вилояти бўйича 100 га яқин маҳаллалардаги 122 километрдан ортиқ газ қувурлари реконструкция қилинди. “2025 йил мукаммал таъмирлаш ва реконструкция қилиш” манзилли дастурига асосан жойларда реконструкция ишлари давом этмоқда.
Хусусан, вилоят маркази Бухоро шаҳрининг ўзида 20 га яқин ҳудудда амалий ишлар олиб борилди. Шаҳардаги Намозгоҳ кўчаси аҳолисини табиий газ билан таъминловчи, диаметри 100 мм бўлган газ қувурида реконструкция ишлари олиб борилаётган бўлиб, айни кунда 1 километрга яқин газ қувури тортилди.

Шунингдек, Собир Раҳимов маҳалласининг Ислом Каримов кўчасидаги ер ости газ қувурининг 1,5 километрида амалий ишларнинг бажарилиши режалаштирилган бўлиб,ҳозирда 500 метр газ қувури реконструкция қилинди.
Когон туманининг ҳам бир қатор ҳудудларида мавсумга тайёргарлик ишлари кўрилмоқда. Жумладан, “Ниёзҳожи” маҳалласидан “Тунироқ” маҳалласигача борувчи 219 мм бўлган газ қувури реконструкция қилинар экан, жараёнлар қувурнинг 1 километридан ортиғида олиб борилди.

Қилинаётган ҳар қандай амалий ишдан асосий мақсад таъминот билан боғлиқ юзага келиши мумкин бўлган муаммоларнинг олдини олиш ҳамда истеъмолчиларни вақтида газ билан таъминлашдан иборатдир.

Зариф Комилов, ЎзА мухбири.