Реҳина Мария Кастижио: Болалар келажагига сармоя – энг ишончли инвестиция
Дунё болалари ҳуқуқи ва фаровонлигини таъминлаш бўйича етакчи халқаро тузилмалардан бири UNICEF Ўзбекистонда фаолият юритаётганига 30 йилдан ошди. БМТ тизимидаги мазкур агентлик дастлаб гуманитар кўмак йўналишида иш бошлаган бўлса, сўнгги йилларда институционал шериклик форматига ўтгани кузатилмоқда.
ЎзА тузилманинг мамлакатимиздаги фаолияти ва келгуси режалари хусусида юртимиздаги UNICEF ваколатхонаси раҳбари Реҳина Мария Кастижио билан суҳбатлашди.
– Ўзбекистонда фаолияти юритаётганига 30 йилдан ошган UNICEF мамлакат учун гуманитар ёрдам ташкилотидан институционал ҳамкорга айлана олдими?
– Бу йил UNICEF бутун дунёда 80 ёшга тўлади, биз 190 дан зиёд мамлакатда ҳам ривожланиш, ҳам гуманитар соҳада фаолият юритамиз. Ўзбекистонда эса асосий эътибор аёллар, болалар ва ёшлар учун барқарор дастурлар амалга оширишга қаратилган. Сўнгги 31 йил давомида ҳукумат билан имзоланган келишув доирасида болалар манфаати йўлида инвестиция, тарғибот ва дастурлар қўллаб-қувватланяпти. “Ўзбекистон учун институционал ҳамкормизми?” деган саволга шубҳасиз ижобий жавоб бераман. Ўтган давр давомида биз давлат, ҳамкорлар ва халқ билан чуқур ишончли муносабат ўрнатдик. Энг заиф қатламларга эътибор қаратган ҳолда, болалар ва уларнинг оилалари ҳаётини яхшилашга содиқ ишончли ҳамкорга айлана олдик. Биргина ўтган йил ҳамкорлигимиз қуйидаги натижаларни берди:
Таълим соҳаси. Халқаро ҳамкорлар билан бирга мактабгача таълимни кенгайтириш қўллаб-қувватланди. Ҳозир 2 миллиондан ортиқ бола қамраб олинган. “Илк қадам” дастурини қайта кўриб чиқиш орқали болага йўналтирилган таълим сифатини оширяпмиз. Ислом тараққиёт банки билан бирга 11 жойда ҳудудий педагогик маҳорат марказини жиҳозлаб, кадрлар тайёрлаяпмиз, 170 000 ўқитувчи учун касбга тайёрлаш ва малака ошириш тизимида янгиликлар жорий этяпмиз. Ўқув дастурларини ислоҳ қилиш ва инклюзив таълимни моделлаштириш борасидаги ишларимиз барча ҳудудларда умумтаълим мактабларини янада қулай, тенг ҳуқуқли қилишга кўмаклашмоқда.
Болалар муҳофазаси. Ўзбекистон болаларга нисбатан зўравонликка барҳам бериш йўлида муҳим қадамлар ташлади. 2025 йил май ойида қабул қилинган “Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун бу йўлдаги муҳим босқичдир. UNICEF кўмагида Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги зўравонликка барҳам бериш бўйича миллий стратегия ва ҳаракатлар режаси лойиҳасини ишлаб чиқди. Натижада мамлакат Богота ҳаракатига даъват билан уйғунлашди, бу борада Ўзбекистоннинг пешқадам мамлакат мақоми тан олинди.
Соғлиқни сақлаш. 50 000 дан кўп тиббиёт ходими оналик ва чақалоқни парваришлаш стандарти бўйича ўқитилди. 1,8 миллион аёл ва чақалоққа самарали тиббий ёрдам кўрсатилди. Барча туғруқхоналарда ҳаётни сақлаб қолувчи зарур ускуналарни мамлакат миқёсида жорий этиш қўллаб-қувватланди, кўкрак сути билан боқишни тарғиб қилиш бўйича миллий дастур илгари сурилди. Бундан ташқари UNICEF иммунизация тизимини мустаҳкамлашга ҳам ёрдам берди, 3,5 миллиондан кўп болага режали вакцина етиб борди.
Умуман, UNICEF изчил тарғибот, инвестиция ва дастурлар амалга ошириш орқали ҳукумат билан бирга ҳам миллий, ҳам маҳаллий даражада болалар ҳуқуқи ва фаровонлиги билан боғлиқ масалаларни ҳал қилишга кўмаклашади. Натижалар бизнинг давлат ташкилотлари, парламент, фуқаролик жамияти, ёшлар, оммавий ахборот воситалари ҳамда икки ва кўп томонлама ривожланиш бўйича шерикликдан фойдаланиш салоҳиятимизни намоён этади.
– Фикрингизча, сўнгги йилларда Ўзбекистоннинг болалар сиёсати қанчалик ўзгарди?
Ўзбекистонда ёш авлодга қулай шарт-шароит яратиш бўйича тизимли ишлар олиб бориляпти. Ўтган йиллар давомида болаларни ҳимоя қилиш, уларнинг фаровонлигини таъминлаш, баркамол ривожланиши учун шароит яратишга қаратилган қатор муҳим қонун ва меъёрий ҳужжатлар қабул қилинди. Қонунчилик такомиллаштирилиб, институционал ислоҳотлар асосий босқичга ўтди.
БМТ Бола ҳуқуқи тўғрисидаги конвенциясини ратификация қилгандан сўнг Ўзбекистон 2008 йил Болалар савдоси, жинсий зўравонлик, болалар порнографияси ҳамда Болаларнинг қуролли можарода иштироки тўғрисидаги Факультатив протоколларни ратификация қилди. Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ) Болалар меҳнатининг энг ёмон шаклларини тақиқлаш тўғрисидаги 182-сонли Конвенцияси, 2009 йил Ишга қабул қилиш учун энг кичик ёш тўғрисидаги 138-сонли Конвенцияси ратификация қилинди. 2008 йил қабул қилиниб, 2019 йил ўзгартириш киритилган Ўзбекистон Республикаси “Бола ҳуқуқи кафолати тўғрисида”ги Қонуни Бола ҳуқуқи тўғрисидаги конвенция асосий қоидаларини акс эттиради.
Сўнгги йилларда Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида мамлакатда болалар ҳуқуқи ва манфаатини таъминлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Хусусан пахтачилик соҳасида тизимли тус олган болалар меҳнатига муваффақиятли барҳам берди ва бу саъй-ҳаракат халқаро эътирофга сазовор бўлди. 2022 йил октябрь ойида Меҳнат кодексига ўзгариш киритилиб, халқаро стандартга мос равишда болалар меҳнатига нисбатан қатъий чеклов жорий этилди. 2019 йил тасдиқланган “Мактабгача таълим ва тарбия тўғрисида”ги Қонун бир йиллик мажбурий мактабгача тайёрловни белгилаб, барча болаларга мактабда муваффақият қозониш учун тенг имконият яратди. 2020 йил қабул қилинган “Таълим тўғрисида”ги Қонун ўн бир йиллик бепул, мажбурий таълимни кафолатлади, ногирон болаларни умумтаълим мактабига жалб қилишни рағбатлантириб, инклюзив таълим учун мустаҳкам пойдевор яратди. Шу йил жорий этилган Ягона реестр ариза бериш жараёнини соддалаштирди, мувофиқликни изчил баҳолашни таъминлаш орқали ижтимоий ҳимоядан фойдаланишни осонлаштирди. 2021 йил Ногиронлар ҳуқуқи тўғрисидаги конвенция ратификация қилиниши Ўзбекистоннинг ногирон болалар ҳуқуқини кенгайтириш, уларни жамиятга қўшишга содиқлигини кўрсатди. 2025 йил май ойида эълон қилинган “Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонун миллий болаларни ҳимоя қилиш тизимини мустаҳкамлашда муҳим қадамдир. Ушбу ҳужжат зўравонликнинг барча шаклларини тақиқлаб, айни йўналишдаги ҳуқуқбузарлик учун жазони кучайтирди. Мазкур ислоҳотларнинг бари республикада бола ҳуқуқини илгари сурди.
– UNICEF давлат дастурларига маслаҳат берадими ёки бундай ҳужжатларни шакллантириш жараёнида ҳам иштирок этадими?
– Юқорида айтиб ўтганимдек, UNICEF Бирлашган Миллатлар Ташкилоти агентлиги бўлиб, биз ҳукумат билан тузилган ҳамкорлик шартномаси асосида фаолият юритамиз. Қисқача айтганда, сиёсат ва дастурлар дизайнини такомиллаштириш учун экспертиза, халқаро илғор тажриба, ечим ва сабоқ тақдим этиб, ҳукуматнинг устувор йўналишларини қўллаб-қувватлаймиз. Бунга болага йўналтирилган, далилларга асосланган сиёсатни шакллантириш, бюджетлаштириш ва мониторинг киради. Ўзбекистонда UNICEF комплекс дастурлар амалга ошириш учун техник ёрдам ва ресурслар тақдим этиш орқали болалар учун қулай муҳит яратиш ташаббусини қўллаб-қувватлайди. Айни ҳамкорлик мамлакатда халқаро бола ҳуқуқи стандарти, жумладан Бола ҳуқуқи тўғрисидаги конвенцияни амалга оширишда муҳим омилдир. Аввалроқ айтиб ўтганимдек, биз миллий ва ҳудудий давлат идоралари, фуқаролик жамияти ташкилотлари ҳамда ривожланиш бўйича ҳамкорлар билан соғлиқни сақлаш, таълим ва болаларни ҳимоя қилиш тизимини мустаҳкамлаш, сиёсат ва бюджетни энг заиф болалар ва оилаларни ҳам ўз ичига олган ҳолда, болаларга қаратиш учун ишлаймиз. Таъкидлаш жоиз, UNICEF ҳукуматга “Таълим тўғрисида”ги қонун, “Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун каби кўплаб ҳужжатлар ва тизимларни ишлаб чиқиш ва/ёки такомиллаштириш бўйича техник ёрдам кўрсатади. Шунингдек, Миллий агентлик билан ҳамкорликда ижтимоий ишни профессионал даражага кўтариш устида ишлайди. Фаолиятимиз тўлиқ далилларга асосланган.Ҳукуматга маълумот йиғиш ва таҳлил қилишда ҳам ёрдам берамиз. Бу орқали барча болалар, айниқса эътибордан четда қолганлар ҳуқуқини илгари сурувчи сиёсат, қонун, дастурларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш бўйича маслаҳат берамиз. Масалан, Статистика агентлиги билан ижтимоий кўрсаткич бўйича ишончли ва халқаро миқёсда таққосланадиган маълумот йиғувчи кўп индикаторли кластер кузатуви (МICS) устида ишладик. MICS озиқланиш, болалар саломатлиги, атроф-муҳит, репродуктив саломатлик, таълим, болаларни ҳимоя қилиш, уларнинг ривожланиши, ижтимоий нафақа, ногиронлик ва қашшоқлик каби қатор соҳалар, шунингдек мамлакат учун мослаштирилган бир неча қўшимча модулларни қамраб олган. MICS маълумотидан давлат сиёсатини ишлаб чиқиш, режалаштириш ҳамда умуман инсон тараққиёти, хусусан болалар ва аёллар аҳволи мониторингибилан боғлиқ бўшлиқни тўлдиришда фойдаланиш мумкин.
Таъкидламоқчиманки, биз бевосита болалар ва ёшлар билан ишлаймиз. UNICEFбу борада қизларга алоҳида эътибор қаратиб, ҳаёт ва ишга силлиқ ўтишни таъминлаш учун ишга жойлашиш кўникмасини ривожлантирмоқда, касбга йўналтиришга ёрдам бермоқда. Ёшлар иштироки учун платформалар яратишга ҳаракат қиламиз. Масалан, миллий ва халқаро ҳамкорлар билан бирга Ўзбекистонда ёшлар учун инклюзив трансформация ва болага нисбатан дўстона маҳаллий бошқарув бўйича қўшма дастур ишга туширдик. Ушбу ҳужжат маҳаллий даражада натижага асосланган бошқарув ва бюджетни институтционаллаштириш учун қонунчилик ва институционал асосни такомиллаштиришга қаратилган. Бу маҳаллий ҳокимиятга маҳаллий устуворлик ҳамда ёшлар ва болалар эҳтиёжига мос ресурсларни янада самарали, шаффоф ва ҳисобдор режалаштириш, тақсимлаш ва мониторинг қилиш имконини беради. Далилларга асосланган қарорлар қабул қилиш, иштирокчилик асосида режалаштириш ва фаолият самарадорлигини мониторинг қилиш бўйича кўникма ҳамда тизим шакллантириш орқали дастур давлат инвестицияси бола, ўсмир ва оила учун яхши натижага айланишини таъминлайди. Бундай саъй-ҳаракат янада тенг ҳуқуқли ва самарали давлат ва ижтимоий хизмат кўрсатилишига ҳисса қўшади, Ўзбекистоннинг кенг ислоҳотлар дастури ва узоқ муддатли барқарор ривожланишини қўллаб-қувватлайди.
– Нима деб ўйлайсиз, таълим ислоҳотларида асосий муаммо инфратузилмами ёки таълим мазмуними?
– Ўзбекистон таълим соҳасида улкан ютуқларга эришмоқда. Ҳукуматнинг таълимга йўналтираётган сармояси намунали. Бошланғич ва ўрта таълимда умумий қамров мавжуд ва болалар тўлиқ қамраб олинган. Ҳукумат ногирон болаларни интеграция қилиш йўлида таъсирчан ҳаракат қиляпти.
Бу йил 2026-2030 йилларга мўлжалланган, жумладан таълим соҳасига ҳам алоҳида эътибор қаратилган янги беш йиллик дастур ишга туширдик. UNICEF бошланғич ва ўрта таълим давомида фундаментал таълим кўникмаси ва сифатли таълимни кучайтиришда давом этади. Бунинг учун иккала компонент – инфратузилма ва ўқув дастури бир хил даражада муҳим. Мактабгача таълим вазирлиги билан бирга 8,8 миллион ўқувчи қамраб олиниши мақсад қилинган ўқув дастури асосида ислоҳотни кучайтирамиз. Барча фанлар бўйича халқаро экспертлар, маҳаллий етакчи педагоглар, тадқиқотчи, тренер ва амалиётчи ўқитувчиларни бирлаштирган қатор онлайн ва юзма-юз семинарлар ўтказяпмиз. Бу ҳукуматнинг ўқитиш натижасини яхшилаш, ҳаёт ва ишга муваффақиятли ўтишни таъминлаш, шу билан бирга ўқувчини энг яхши халқаро стандартга рақобатбардош қилиш йўлидаги кучли турткининг бошланишидир.
– Сизнингча, яқин 10 йилда Ўзбекистон болалари учун нима асосий хавфга айланади?
Тез ўзгарувчан дунёда болалар ривожланиши учун кўплаб имкониятлар мавжуд. Афсуски, янги қийинчиликлар ҳам пайдо бўлмоқда.
Иқлим ўзгариши
Нафақат Ўзбекистон, балки бутун дунё учун энг долзарб масалалардан бири иқлим ўзгаришидир. Экстремал об-ҳаво ҳодисалари кўпайиши кўпроқ болалар ҳаёти ва фаровонлигини хавф остига қўймоқда. Ўзбекистон кутилмаган ҳарорат ва жазирама тўлқини, сув танқислиги, чанг бўрони, ҳаво ифлосланиши ва иқлим ўзгаришининг шошилинч чоралар талаб қиладиган бошқа салбий таъсирлари каби муаммоларга дуч келмоқда. Болалар саломатлиги учун хавф ортиши, таълим жараёни узилиш ва фаровонликка таҳдид билан юзлашмоқда. UNICEF жамоаларга инфратузилмани мослаштириш, сув таъминотини ҳимоя қилиш ва ёшларни иқлим ҳимоячиси сифатида қўллаб-қувватлашга ёрдам бермоқда.
Болаларни онлайн ҳимоя қилиш
Доимий ривожланиб бораётган онлайн маконда болаларни интернетдан ҳимоя қилиш ҳар қачонгидан қийинроқ. Бугунги болалар уларнинг ҳуқуқи ва фаровонлигини ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқилмаган рақамли дунёда улғаймоқда. Алгоритм болаларни хавф остига қўяди. Болалар яшайдиган интернет шаффоф бўлмаган сунъий интеллект тизими томонидан яширинча бошқарилади ва бу тизим кўпинча 18 ёшгача бўлганлар учун мослаштирилган ҳимоя чораларисиз контент, алоқа ва танлов тавсия қилади. Платформалардаги тез ўзгариш ёш фойдаланувчини ҳимоя қилиш учун мўлжалланган ҳуқуқий ва техник ҳимоя чораларидан ўзиб кетади. Бу эса эксплуатация, груминг ва зарарли контентга дучор бўлиш учун янги йўллар очади. Ўзбекистоннинг “Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуни эндиликда онлайн зўравонлик, жумладан телекоммуникация ва интернет орқали юзага келадиган зарарларни тан олади, бироқ ҳуқуқни қўллаш ва технологик масъулият орқада қолмоқда. UNICEF ҳимоя чораларини кучайтириш, рақамли саводхонликни ошириш ва болаларни ақлли қурилмалардан хавфсиз фойдаланиш кўникмаси билан таъминлаш учун ҳукумат ва хусусий сектор билан ҳамкорлик қилмоқда. Маълумотга кўра, бутун дунёда деярли бир миллиард одам – ҳар етти ўсмирдан бири руҳий саломатлик муаммоси билан яшайди. Болалик ва ўсмирлик даврида руҳий саломатлик ёмонлашуви хавфи зўравонлик, буллинг, камситиш, можаро ва кўчиш ҳамда қашшоқликка дучор бўлиш каби омиллар билан боғлиқ. Профилактика ташаббуси ва ижобий руҳий саломатлик ҳамда фаровонликни тарғиб қилиш орқали руҳий саломатлик муаммосининг асосий сабабларини бартараф этишга кўпроқ эътибор қаратиш зарур.
– Агар ягона қарор орқали Ўзбекистонда болалар келажагини кескин яхшилаш мумкин бўлса, бу қайси соҳа бўлиши керак?
– UNICEF фикрича, ягона ечим йўқ. Яъни, кўплаб соҳаларда қабул қилинадиган қарорлар мажмуаси лозим. Ўзбекистон болалари учун ўзгаришни таъминлайдиган воситалар қуйидагилар:
Бирламчи соғлиқни сақлаш: Биз ҳар бир бола жойлашувидан қатъи назар, Тошкентдан Урганч ва Сурхондарёгача кенг қамровли бирламчи тиббий хизматдан фойдаланиш таъминланиши зарур. Кучли бирламчи соғлиқни сақлаш тизими нафақат оналик ва болаликни муҳофаза қилиш бўйича муҳим хизмат тақдим этади, балки сезиларли иқтисодий ва ижтимоий самара ҳам беради. Сарфланган ҳар бир доллар камида тўққиз баробар фойда келтириши мумкин.
Сифатли таълим: Қамров ва қабул даражаси юқори бўлса-да, асосий марра – сифат. Болалар қизиқувчанлик рағбатлантириладиган, барча учун тенг имконият яратилган рағбатлантирувчи таълим муҳитига жалб қилиниши керак.
Илк болалик давридаги ривожланиш: Дастлабки 1000 кун ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Илк таълим соҳасидаги муваффақиятга таяниб, энди 3 ёшгача гуруҳга эътибор қаратувчи кўп тармоқли стратегияни биринчи ўринга қўйиш лозим. Далиллар илк болалик даврига киритилган сармоя сарфланган ҳар бир доллар учун 16 долларгача даромад келтиришини исботлаган. Демак, бу йўналиш диққат марказида турадиган ҳаётий муҳим соҳадир.
Ижтимоий ҳимоя: Доҳа саммити ва Президентнинг илҳомлантирувчи қарашларидан руҳланиб, биз болалар манфаатига мос ижтимоий ҳимоя тизимини, энг зарур хизматдан фойдаланиш таъминланишини ёқлаймиз. Бу қашшоқликнинг олдини олиш, ногирон болалар инклюзиясини рағбатлантириш ва уларни зўравонликдан ҳимоя қилишнинг асосий калитидир.
Дилшод Ҳакимов суҳбатлашди.