Регбичиларимиз совриндорлар сафидан жой олди
ФОТОРЕПОРТАЖ
Аввал хабар берганимиздек, пойтахтимиздаги Мудофаа вазирлиги спорт мажмуасида регби-7 бўйича Марказий ва Жанубий Осиё мамлакатлари эркаклар ҳамда аёллар терма жамоалари иштирокида халқаро чемпионат баҳслари бўлиб ўтди.
Мазкур нуфузли мусобақада Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Ҳиндистон, Покистон, Мўғулистон ва Шри-Ланка терма жамоалари ғолиблик учун ўзаро куч синашди. Қизғин ва муросасиз кечган баҳслар спорт мухлисларига унутилмас таассуротлар улашди.
[gallery-29466]
Аёллар ўртасидаги учрашувларда Шри-Ланка терма жамоаси барқарор ва ишончли ўйин намойиш этиб, чемпионликни қўлга киритди. Қозоғистон жамоаси иккинчи ўринни эгаллаган бўлса, Ўзбекистон аёллар терма жамоаси мусобақани шарафли учинчи ўрин билан якунлади.
Эркаклар ўртасидаги беллашувлар ҳам кескин руҳда ўтди. Ҳар бир учрашувда жамоалар ғалаба учун сўнгги дақиқаларгача кураш олиб борди. Якуний натижаларга кўра, Шри-Ланка эркаклар терма жамоаси чемпионликка сазовор бўлди. Ҳиндистон регбичилари иккинчи поғонани банд этган бўлса, Ўзбекистон миллий терма жамоаси фахрли учинчи ўринни қўлга киритди.
Мусобақа иштирокчилари ва меҳмонлар турнирнинг юқори савияда ташкил этилганини алоҳида эътироф этиб, ташкилотчиларга миннатдорлик билдирди.
Муҳаммад АМИН(сурат),ЎзА