Регби-7: “Жар”да кучлилар аниқланди
19 сентябрь куни пойтахтимиздаги “Жар” спорт мажмуасида регби-7 бўйича 18 ёшгача бўлган қизлар ўртасидаги Осиё чемпионати якунланди.
18-19 сентябрь кунлари ўтказилган нуфузли мусобақа натижасида мамлакатимизда ушбу спорт турнирининг оммавийлигини таъминлашга катта ҳисса қўшилиши билан бирга регби-7 бўйича Ўзбекистон терма жамоасининг таркибини мустаҳкамлаш орқали келгусидаги қитъа ва олимпия ўйинлари учун муносиб замин ҳозирланди.
Бугун чемпионатнинг саралаш, ярим финал ва финал беллашувлари ўтказилди. Унга кўра, Қозоғистон Қирғизстон термасини 57:0 ҳисобида мағлуб этган бўлса, вакилларимиз ярим финалда жаҳон регби-7 спорт турида катта тажрибага эга бўлган Бирлашган Араб Амирликлари қизларига 10:19 ҳисобида имкониятни бой берди.

Осиё чемпионатида ҳамюртларимизни доғда қолдирган амирлик спортчилари ҳеч бир рақибига мағлуб бўлмаган ҳолда Осиёнинг яна бир кучли регби-7 жамоасига эга бўлган Ҳиндистон термаси билан финалда рўбарў келди.
Муросасиз ва шиддатли кечган мусобақада руҳий жиҳатдан устунликка эга бўлган Бирлашган Араб Амирликлари терма жамоаси ҳиндларни 21:17 ҳисобида енгиб, қитъа чемпионлигига сазовор бўлди.
Ҳиндистонлик регбичилар 2-ўринни, Қозоғистон ва Ўзбекистон терма жамоаси вакилалари эса 3 ва 4-ўринни эгаллашди.
Чемпионат якунида барча ғолиб ва совриндор жамоалар, мусобақанинг энг кучли спортчилари ташкилотчилар томонидан тақдирланди.
Т. Рўзиев, ЎзА