Референдум: Ўзбекистон - ижтимоий, ҳуқуқий давлат
Навоий давлат педагогика институтида “Референдум: Ўзбекистон - ижтимоий, ҳуқуқий давлат” мавзусида учрашув бўлиб ўтди.
Институт ўқитувчи ва талабалари иштирок этган тадбирда референдум тушунчаси, Конституциямизга киритилаётган қўшимчалар ва ўзгаришлар, янги моддаларнинг аҳамияти борасида маълумотлар тақдим этилди.
Юртимизда амалга оширилаётган конституциявий ислоҳотларда “инсон – жамият – давлат” деган тамойил илгари сурилиб, инсон қадри ҳар нарсадан устун эканлиги таъкидланмоқда. Янгиланаётган конституцияда таълим соҳаси бўйича ҳам кўпгина модда ва нормалар ўз ифодасини топиб, таълим ва илм-фанга оид нормалар қарийб 2 баробарга ошмоқда. Жумладан, фуқароларнинг олий таълим муассасаларида давлат гранти ҳисобидан ўқиш имконияти белгилаб қўйилди.

— 2017 йилгача олийгоҳларда ўқиш учун давлат грантлари сони фақат қисқариб келган бўлса, охирги олти йилда бу борадаги аҳвол бутунлай ўзгарди. Грантлар сони 2 баравар кўпайди. Магистратура учун эса 5 бараварга кўпайди, – дейди институт ректори Баҳодир Собиров. – Шунингдек, Бош қомусимизда фуқароларнинг бепул бошланғич касб-ҳунарга ўқитилиши ҳам белгиланмоқда. Ногиронлиги бор болажонларимизга ўз тенгдошлари билан бир хил таълим олиши учун барча шароитларни яратиш кўзда тутиляпти. Шунинг учун бундай имкониятлар инклюзив таълим сифатида конституцияга киритилмоқда. Бу шундай нуқсонларга эга болаларимизнинг яккаланиб қолмаслиги, жамиятнинг тўлақонли аъзоси сифатида шаклланиши ва камол топиши учун муҳим кафолатдир.
Янгиланаётган конституцияда ўзгаришлардан яна бири шундаки, давлатнинг ўқитувчилар шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш, уларнинг ижтимоий ва моддий фаровонлиги, касбий жиҳатдан ўсиши тўғрисида ғамхўрлик қилиш мажбурияти кучайтирилмоқда.
Конституциямизда олий таълим ташкилотларига академик эркинлик, ўзини ўзи бошқариш, тадқиқотлар ўтказиш ва ўқитиш эркинлиги ҳуқуқи кафолатланмоқда. Ушбу норманинг киритилиши олий ўқув юрти ва илмий-тадқиқот муассасаларининг таълим ва илмий-тадқиқот жараёнига давлат иштирокини чеклашга, профессор-ўқитувчилар ва талабаларнинг ўқув жараёнидаги мустақиллигини таъминлашга хизмат қилади.
Тадбирда иштирокчилар Янгиланаётган конституцияга киритилаётган ўзгариш ва қўшимчалар юзасидан ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоблар олди.
А.Бўриев, ЎзА