“Rayyona group textile”нинг филиали иш бошлади
Наврўз байрами арафасида Марҳамат тумани Гулистон маҳалласидаги “Rayyona group textile” трикотаж корхонаси филиали ишга туширилди.
Очилиш тадбирида нуронийлар, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди. Тадбирда туман ҳокими Илёсбек Умрзоқов ва бошқалар кейинги йилларда мамлакатимизда маҳаллий корхоналарни қўллаб-қувватлаш, тадбиркорликни ривожлантириш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилаётганлиги, натижада ҳудудларда, жумладан, Марҳамат туманида янги-янги ишлаб чиқариш корхоналари ишга туширилаётганлиги ҳақида сўз юритди.

– Трикотаж маҳсулотлари тайёрлашни 2018 йилда хонадонимизда 4 нафар ишчи билан бошлаганмиз. Иш жараёнида сифатли, аҳоли талабига мос маҳсулот тайёрлаш, бозорни ўрганиш борасида доимий изланишлар олиб борилди. Ишлаб чиқариш фаолиятимизни кенгайтирдик. 2021 йили юртимизда ёш тадбиркорларга яратиб берилган кенг имкониятлардан унумли фойдаланган ҳолда янги бино қуриб, оилавий корхонани ташкил этдик. Хорижий давлатлардан илғор тикув машиналари олиб келиб ишга туширдик. Натижада 100 нафар аёллар доимий иш ўрнига эга бўлди, – дейди корхона таъсисчиси, тадбиркор Жаҳонгир Ҳалимов.

Дарҳақиқат, эркаклар, аёллар ва болалар учун 50 дан ортиқ турдаги трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқаришни йўлга қўйган ёш тадбиркор фаолияти давомида изланди, ишлаб чиқаришга илғор иш услубларини жорий этди. 2023 йилга келиб, корхона маҳсулотлари Россия Федерациясига экспорт қилина бошланди.

Корхонанинг янги ташкил этилган “Rayyona export textil” филиали ҳам замонавий дастгоҳлар билан жиҳозланди, ишчи-хизматчиларнинг самарали иш юритишлари учун қулай шарт-шароитлар яратилди. Бугунги кунга келиб, корхона маҳсулотларининг асосий қисми экспорт қилинмоқда.
Корхона филиалининг ишга тушиши билан 50 та янги иш ўрни яратилди ва улар доимий даромадга эга бўлди.
Ф. Убайдуллаев,
З. Умрзоқов (сурат), ЎзА.