Равон йўллар – обод манзиллар сари элтади
ФОТОРЕПОРТАЖ
Тунда биз мириқиб дам олаётганимизда, одамларга қулайлик яратиш учун кимдир бедор бўлиб, ўз хизмат вазифасини ўтаётир. Шубҳасиз, хаёлимизга келадиган соҳа вакиллари бу – ҳарбийлар. Бироқ, яна шундай касб эгалари ҳам борки, ҳудуд ривожи, халқ фаровонлиги учун тунда ҳам сидқидилдан меҳнат қилади. Автойўллар тизимида фаолият юритаётган ходимлар ҳам худди шундай жонкуяр касб эгаларидан.
[gallery-21115]
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан Сурхондарё вилоятида автомобиль йўлларини қуриш ва реконструкция қилиш юзасидан кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, ҳозирда Бойсун туманидаги Дарбанд қишлоғидан бошланувчи “Дарбанд-Денов” йўналиши бўйича 4Р105 автомобиль йўлини реконструкция қилиш жараёнлари давом этаётган бўлиб, узунлиги 111 километр бўлган ушбу йўл 2027 йилда фойдаланишга топширилади. Унинг қарийб 108 километрини цемент-бетон қоплама билан реконструкция қилиш режалаштирилган. Йирик лойиҳани амалга ошириш чоғида 26 та кўприк, 2 та йўл ўтказгич, 114 та сув қувури, иккита автотранспорт воситасининг вазн ва ҳажм параметрларини қайд этувчи назорат пости барпо этилади.
Учта лот асосида амалга оширилаётган лойиҳанинг қурилиш-монтаж ишларини тендер савдоси ғолиби – Озарбайжоннинг “Lankaran Yol Tikinti” акциядорлик жамияти амалга оширмоқда. Жараёнда 147,6 миллион АҚШ доллари қийматидаги йўл қурилишини бажариш учун шартнома имзоланган. Шу кунгача йўлсозлар 25,7 миллион АҚШ долларини ўзлаштириб, 5,3 миллион метр-куб ҳажмдаги ер ишлари, 81,3 минг метр-квадрат асфальт кўчириш, 5,3 километр муҳандислик тармоқларини кўчириш ишларини якунлади. Лойиҳанинг 28,6 километр қисмида ер ишлари тугатилиб, биринчи ва иккинчи қатлам тош-шағал ётқизилган. 6,6 километр масофадаги йўлда ишлар тўлиқ якунланиб, бетон ётқизилмоқда.
Йирик ҳажмдаги бу ишлар воҳанинг транспорт инфратузилмасини ривожлантириб, йўловчиларга қулай шароит яратади.
Жонибек ҚЎЗИМУРОДОВ(сурат),ЎзА