Рассом хотирасига бағишланган кўргазма
Ўзбекистон Бадиий академияси Марказий кўргазмалар залида рассом Ҳаким Мирзаҳмедов хотирасига бағишлаб “Ҳаёт” номли кўргазма очилди.
Таниқли мўйқалам устаси 1976 йилда П. Беньков номидаги республика рассомлик билим юртининг рангтасвир педагогикаси бўлимини тамомлаган. Сўнг Суриков номидаги Москва давлат рассомлик институтида таҳсил олган. 1982 йилдан бошлаб халқаро ва республика кўргазмаларида ўз санъат намуналари билан қатнашиб келган. “Витраж” техникасида бир қатор маҳобатли асарлар яратган. Шу билан бирга, у кўплаб натюрморт ва жанрли композициялар ижодкори ҳамдир. Рассом айниқса, манзара жанрида ўз маҳоратини тўлиқ намоён эта олган. Ушбу йўналишдаги асарларида табиатнинг романтик ифодаланиши диққатга сазовор.
Ҳаким Мирзаҳмедов тенги йўқ педагоглардан эди. У 1982-2012 йилларда Республика рассомлик коллежининг рангтасвир бўлимида ёшларга сабоқ берган. Тасвирий санъатнинг турли йўналишларида ижод қилиб келаётган кўплаб маҳоратли рассомларни тарбиялаган.
[gallery-4905]
2016 йилда Ҳаким Мирзаҳмедов “Йилнинг энг яхши рассоми” номинациясида “Эътироф” миллий мукофотига сазовор бўлган.
Рассом 2020 йил 8 ноябрда бу дунёни тарк этди. Вафотига бир йил тўлиши муносабати билан ташкил этилган “Ҳаёт” номли мазкур кўргазма рассомнинг ижод йўли ва унинг рангтасвирга бўлган чексиз муҳаббати ҳақида сўзлайди.
Кўргазмада ижодкорнинг “Исфара”, “Қизил узумзор”, “Кумушконда қиш тонги”, “Тўлин ой”, “Шоҳимардон” каби 250 дан ортиқ асари намойиш этилмоқда.
Ойбек ПАРДАЕВ (сурат), ЎзА