Рақобатни чеклаш ҳаракатларига барҳам берилади
Бугунги кунда рақобат ва табиий монополиялар соҳасига оид 2 та қонун мавжуд бўлиб, глобал тараққиёт туфайли амалдаги “Рақобат тўғрисида”ги ва “Табиий монополиялар тўғрисида”ги қонунлар ҳозирги кун талабларига тўғри келмайди ва таъсирчанлиги паст. Амалдаги “Рақобат тўғрисида”ги қонун кучга кирганига 10 йил, “Табиий монополиялар тўғрисида”ги қонунга 23 йил бўлди. Мазкур қонунларда биргина молиявий жарималарнинг мавжуд эмаслиги йирик монополияларнинг бозор ҳукмронлиги ва ўз мавқеини суиистеъмол қилишини тийиб туриш вазифасини бажаришга умуман имкон бермаяпти.
Шунингдек, амалдаги қонунчиликда имтиёз ва преференциялар беришнинг аниқ ва шаффоф механизмлари келтирилмаган. Бу рақобатга салбий таъсир кўрсатмоқда. Шунингдек, 100 дан ортиқ монополлашган, 10 дан ортиқ эксклюзив ҳуқуқлар мавжуд бўлган бозорлар сақланиб қолмоқда, имтиёз ва преференциялар текис ва тенг тақсимланмагани аксарият ҳолларда рақобатни чекламоқда.
Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилишида қайд этилди. Унда фракция аъзолари “Рақобат тўғрисида”ги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда муҳокама қилдилар.

Таъкидланганидек, мазкур лойиҳа билан оммавий савдо тушунчаси киритилиб, нафақат танлов ва тендер, балки аукцион ва бошқа электрон тарзда ўтказиладиган савдоларда рақобатни чеклаш ҳаракатларига барҳам бериш чоралари кўзда тутилмоқда. Тўғридан-тўғри амал қилувчи қонун ҳужжатини қабул қилиш мақсадида айрим қонуности ҳужжатларининг нормалари қонун даражасида мустаҳкамланмоқда.
Шу билан бирга, молиявий жарималар киритилиши муносабати билан иқтисодий концентрацияга ва танлов (тендер) ёки биржа савдоларига доир монополияга қарши талабларни бузиш ҳаракатлари ҳамда рақобатга қарши ҳаракатлар учун маъмурий жавобгарлик чиқариб ташланмоқда. Монополияга қарши орган талабига кўра, зарур ҳужжат ва ахборотларни тақдим этмаганлик, нотўғри ёки ёлғон маълумотлар тақдим этганлик учун маъмурий жавобгарлик кучайтирилмоқда.
Фракция аъзолари қонун лойиҳасининг нақадар муҳимлигига эътибор қаратиб, унинг қабул қилиниши мамлакатда иқтисодий ўсишни таъминлаш, рақобатбардошликни ошириш, иқтисодиётни модернизация ва диверсификация қилиш жараёнларини чуқурлаштиришга хизмат қилишини таъкидладилар.
Муҳтарама Комилова, ЎзА