Рақобат қўмитаси 6 та субъектда 8 млрд сўмдан ортиқ қонунбузилишни аниқлади
Рақобат қўмитаси томонидан юқори ликвидли маҳсулотларни биржа савдоларига чиқариш тартибига риоя этилиши юзасидан ўтказилган ўрганишлар натижасида бир қатор хўжалик юритувчи субъектларда қонунбузилиш ҳолатлари аниқланди.
Таҳлиллар давомида маҳсулотларни белгиланган тартибда биржа орқали сотиш ўрнига тўғридан-тўғри шартномалар асосида реализация қилиш, биржага чиқарилиши лозим бўлган маҳсулотларни белгиланган ҳажм ва муддатларда жойлаштирмаслик каби ҳолатлар кузатилди.
Аниқланган ҳолатлар юзасидан Қашқадарё, Наманган, Самарқанд, Сурхондарё, Тошкент вилоятлари ва Тошкент шаҳридаги корхоналарга нисбатан белгиланган тартибда ишлар қўзғатилди ҳамда тегишли таъсир чоралари қўлланилди. Қонунбузилишлар умумий ҳисобда 8 миллиард сўмдан ортиқ маблағни ташкил этган.
Хусусан, Қашқадарё вилоятидаги “Косон ёғ комбинат” МЧЖ биржа орқали сотилиши лозим бўлган маҳсулотларни тўғридан-тўғри шартномалар асосида реализация қилиб, асоссиз даромад олгани аниқланди. Наманган вилоятидаги “Pop sement” МЧЖ эса цемент маҳсулотларини биржа орқали сотиш бўйича белгиланган талабларга амал қилмаган ҳолда 2,4 миллиард сўмдан ортиқ маҳсулотни тўғридан-тўғри шартномалар орқали сотган.
Самарқанд вилоятидаги “Ҳумо Агро Платинум” ва “Зомин Ишонч” корхоналари томонидан қайта ишланган ун маҳсулотларини белгиланган ҳажм ва муддатларда биржа савдоларига чиқармаганлик ҳолатлари қайд этилди. Сурхондарё вилоятидаги “SURXONDARYODONMAHSULOTLARI” АЖ эса ишлаб чиқарилган ун маҳсулотларининг бир қисмини биржага қўймасдан, тўғридан-тўғри экспорт шартномалари асосида сотгани маълум бўлди.
Шунингдек, Тошкент шаҳрида фаолият юритувчи бир нечта корхоналарда буғдой ва ун маҳсулотларини биржа тартибларини четлаб ўтиб сотиш аломатлари аниқланган бўлиб, мазкур ҳолатлар бўйича ишларни кўриб чиқиш давом этмоқда.
Тошкент вилоятида эса “Ўзбеккўмир” АЖ томонидан биржа савдоларига қўйилиши режалаштирилган кўмир маҳсулотлари тасдиқланган графикка мувофиқ жойлаштирилмагани ҳамда бу ҳолат натижасида 4,3 миллиард сўмдан зиёд маҳсулот реализация қилингани аниқланди.
Рақобат қўмитаси томонидан барча ҳолатлар юзасидан қонунчиликда белгиланган тартибда чоралар кўрилмоқда. Шунингдек келгусида бундай қонунбузилишларга йўл қўймаслик бўйича мажбурий кўрсатмалар берилган.
Н. Раҳмонова, ЎзА