Рақамли трансформация шароитида таълим олувчиларни касбга йўналтириш
Пойтахтимиздаги Aдиблар хиёбонида жойлашган Тошкент музейида Қори Ниёзий номидаги Тарбия педагогикаси миллий институти томонидан “Рақамли трансформация шароитида таълим олувчиларни касбга йўналтириш: муаммолар, ечимлар“ мавзусида республика илмий-амалий конференцияси ўтказилди.

Бугунги кунда ёш авлодни касб-ҳунарга тўғри йўналтириш, ўқувчиларнинг салоҳияти ва қобилиятини муттасил ривожлантириб бориш ғоят долзарбдир. Бу ҳақда Қори Ниёзий номидаги Тарбия педагогикаси миллий институти директори, таниқли олим, академик, педагогика фанлари доктори Холбой Ибрагимов қуйидаги фикрларни билдирди:
– Ахборот миқдори шиддат билан ортиб бораётган бугунги жамиятда таълим олувчиларнинг янги билимларни тезда ўзлаштириб олиши учун ўқув адабиётларининг турли шаклларидан бири бўлган рақамли таълим ресурсларидан фойдаланиш ғоят муҳим. Ўқув жараёнига рақамли таълим ресурсларини қўллаш таълим олувчиларда мустақил ва эркин фикрлаш, олинган билимларни такомиллаштириш, янги билимларни турли маърифий ресурслар орқали излаб топиш кўникмаларини шакллантириши керак.
[gallery-20819]
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 24 майдаги “Рақамли хизматлар қамрови ва сифатини ошириш ҳамда соҳа, тармоқ ва ҳудудларни рақамли трансформация қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида таълимни рақамлаштириш бўйича ахборот тизимлари ҳамда электрон таълим ресурсларини (контент) яратиш вазифаси белгиланган. Бу эса ўқув жараёнига рақамли таълим ресурсларини жалб этишни талаб этади.
Профессионал таълим муассасаларидаги ўқув машғулотларининг ҳам рақамли технология воситаларидан фойдаланган ҳолда ташкил этилиши таълим сифатини оширишга хизмат қилади. Шу ўринда “Рақамли таълим контенти нима? Рақамли таълим ресурси деганда нимани тушуниш керак?” каби саволлар пайдо бўлиши табиий.
Рақамли таълим ресурси – бу аниқ бир фаннинг барча мавзуларини қамраб олган рақамли таълим контентлари тўплами. Рақамли таълим контенти – бу фаннинг аниқ бир мавзуси бўйича ўқув жараёнида фойдаланиш учун мўлжалланган рақамли шаклда тақдим этилган материал бўлиб, унинг таркиби маъруза матни, медиа материаллар (аудио, видео ва анимацион материаллар), дидактик кўргазмали материаллар (плакатлар), тақдимот материаллари, глоссарий (атамалар луғати), назорат дастурлари (мустаҳкамловчи саволлар, амалий топшириқлар ва тест материаллари), машқ ва масалалар тўплами дарс мазмунини тўлдирувчи материаллардан иборат бўлади.
Мазкур муҳит таълим жараёни иштирокчиларининг функцияларини ўзгартиришга олиб келади. Таъкидлаш керакки, таълим жараёнининг рақамлаштирилиши ўқитувчиларнинг, бевосита профессионаллик жиҳатидан уларнинг касбий компетентлигини янада ривожлантириши, шунингдек, уларнинг функцияларини ўзгартиришга олиб келмоқда. Хусусан, талабалар аудиторияларда бевосита ўқитувчи раҳбарлигида гуруҳлар кесимида таълим олиш жараёнидан рақамлаштирилган таълим муҳитида исталган жойда ва муддатда индивидуал таълим олишга ўтиш каби трансформация ҳолатлари кузатилмоқда.
Рақамли трансформация наинки бошқа таълим ислоҳоти, балки таълимнинг барча даражаларига таъсир кўрсатадиган кўп йиллик иш дастуридир.
Рақамли технологиялар келажакда таълим олувчиларни, ўқувчи ва талабаларни ўқитиш сифатини тубдан яхшилашга, уларнинг барча зарур қобилиятларини шаклллантиришга, муаммоларни ҳал этиш учун зарур барча рақамли воситалар, материаллар ва хизматлардан фаол фойдаланиш қобилиятини шакллантиришга ёрдам беради. Бу борада ҳар бир фан бўйича мутахассис ўқитувчиларнинг ўзига хос масъулият билан ишлашини тақозо этилади. Мамлакатимизда профессионал таълим самарадорлигини ва сифатини ошириш, унинг мазмунини такомиллаштириш кўлами кенгаймоқда. Таълим сифатини ошириш, илмий-услубий ҳамда ўқув-методик таъминотнинг мазмун жиҳатидан мутлақо янги тизимини яратиш, замонавий талабларга жавоб берадиган янги таълим муассасаларининг барпо этилиши, мавжудларининг бугунги кун талаби асосида реконструкция қилиниши, уларнинг энг замонавий ахборот коммуникация воситалари билан таъминланиши, янги авлод ўқув адабиётлари ва педагогик, ахборот технологияларининг жорий этилиши профессионал таълим тизимида ўқув машғулотларини юқори савияда ташкил этиш имконини беради.
Профессионал таълим тизимида халқаро таълим стандартларига асосланган илғор педагогик технологиялар бўйича ўқув жараёнини амалий кўникмаларни шакллантиришга йўналтириш, ўқув дастурлари ва инновацион ўқув-услубий материалларни кенг жорий этиш, ўқув ва илмий лаборатория, ўқув тажриба хўжалиги, ишлаб чиқариш ва қайта ишлаш корхоналарида назарий билим ҳамда амалиётнинг уйғунлигини таъминлаш учун зарур шароит яратиш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда.
Узлуксиз таълимда профессионал таълимнинг босқичига қараб, фанларнинг ўзаро алоқадорлиги, ўқитиш воситалари, замонавий таълим методлари орқали амалга ошириш талаб этилади. Касбга қизиқтириш ва йўналтириш орқали жамиятнинг касбга бўлган эҳтиёжини қондириш масаласи узлуксиз таълим тизимининг натижаси сифатида самарали бўлади. Бу эса рақамли технологиялар асрида ўзига хос аҳамият касб этади.
Профессионал таълимда замонавий ахборот технологиялари воситалари асосида яратилган ўқув-услубий материаллар, шу жумладан, рақамли таълим ресурсларидан фойдаланишдан асосий мақсад илғор ахборот-таълим услубларини шакллантириш, замонавий ахборот-педагогик, ахборот ва компьютер технологияларини қўллаш орқали таълимнинг самарадорлиги, сифати ва унумдорлигини ошириш, уларнинг маълум маънода кутубхоналарини ташкил этиш, таълимнинг масофадан ўқитиш шаклларини амалда жорий этишдан иборатдир.
“Рақамли трансформация шароитида таълим олувчиларни касбга йўналтириш: муаммолар, ечимлар“ мавзусидаги республика илмий-амалий конференцияси ҳам соҳага доир илғор таклиф ва ташаббусларни атрофлича муҳокама этиш ва амалиётга жорий этиш йўлларини белгилаб олишда муҳимдир.
Н.Усмонова ёзиб олди, ЎзА