Рақамли трансформация – шаффофлик кафолати
Олмалиқ кон-металлургия комбинатида “Рақамли трансформация ва инновациялар: ишлаб чиқаришда коррупциянинг олдини олишнинг замонавий ечимлари” мавзусида раҳбар ва ёшлар учрашуви ўтказилди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурханов, “Олмалиқ КМК” АЖ бошқаруви раиси, сенатор Абдулла Хурсанов, комбинат раҳбарлари ҳамда ёш ходимлар иштирок этди.

Учрашувни очиб берган Абдулла Хурсанов мамлакатимизда Президент раҳбарлигида амалга оширилаётган ислоҳотлар туфайли саноат тармоқларида рақамли технологияларни кенг жорий этишга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади. Қайд этилганидек, ишлаб чиқариш жараёнларини рақамлаштириш инсон омилини камайтириш, шаффофликни таъминлаш ва коррупциявий хавфларни бартараф этишнинг муҳим омилларидан бири ҳисобланади.
Акмал Бурханов мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири эканини таъкидлаб, бу жараёнда рақамли трансформация ва инновацион ёндашувлар ҳал қилувчи аҳамият касб этишини қайд этди. Шунингдек, комбинатда амалга оширилаётган рақамлаштириш ишлари мазкур йўналишдаги самарали тажриба сифатида эътироф этилди.

Тадбирда “Коррупциясиз саноат” лойиҳасини амалга ошириш ҳамда коррупциянинг олдини олишга қаратилган энг яхши инновацион ечимларни аниқлаш бўйича танловлар ташкил этиш таклифи илгари сурилди. Таъкидланганидек, мазкур ташаббус ёшларнинг инновацион ғоя ва таклифларини ишлаб чиқариш жараёнларига тезкор жорий этиш имконини беради.
Учрашувда рақамли трансформация, сунъий интеллект, катта ҳажмдаги маълумотлар билан ишлаш ва автоматлаштирилган бошқарув тизимларининг ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш, шаффофликни таъминлаш ҳамда коррупциявий хавфларни камайтиришдаги ўрни атрофлича муҳокама қилинди.

Мулоқот давомида ёшлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди, соҳани янада такомиллаштиришга қаратилган таклиф ва инновацион ғоялари билан фаол иштирок этди.
Якунда коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги ISO 37001 халқаро стандарти талаблари бўйича махсус ўқув курсларини муваффақиятли тамомлаган бир гуруҳ комбинат ходимларига сертификатлар топширилди.

Шундан сўнг Коррупцияга қарши курашиш агентлиги вакиллари “Металлург” маданият саройидаги музейлар фаолияти билан танишди. Меҳмонларга Қалмоққир ва “Ёшлик-1” конларидаги ишлаб чиқариш жараёнлари, Технологик транспорт бошқармаси фаолияти ҳамда яқинда ишга туширилган 3-мис бойитиш фабрикасининг ишлаб чиқариш қувватлари ҳақида маълумот берилди.
А. Мусаев, ЎзА мухбири