
Бугунги рақамли даврда тезкор инновациялар, мустаҳкам IT-инфратузилма ва илғор технологияларга таянган мамлакатлар глобал рақобатда етакчилик қилмоқда. Ўзбекистон ҳам айнан шу йўлдан бориб, рақамли трансформация ва халқаро ҳамкорлик орқали янги тараққиёт босқичига чиқмоқда.
Шу мақсадда Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов Хитой Халқ Республикасига расмий ташрифи доирасида Шинжон-Уйғур автоном районида жойлашган "Karamay Cloud Computing Industrial Park" технопаркига ташриф буюрди.

Мазкур технопарк Хитойдаги рақамли иқтисодиётнинг муҳим марказларидан бири саналади. Бу ерда катта маълумотлар (big data), сунъий интеллект ва бошқа илғор технологиялар асосида фаолият юритувчи етакчи компаниялар жамланган.
Ташриф давомида вазир технопаркдаги технологик ечимлар, ишлаб чиқариш жараёнлари ва рақамли инфратузилмалар билан яқиндан танишди. Шунингдек, Хитойдаги давлат ва хусусий сектор ўртасидаги ҳамкорлик тажрибаси, инновацион лойиҳалар ҳам муҳокама қилинди.

Мазкур ташриф Ўзбекистоннинг рақамли инфратузилмасини ривожлантириш, Хитойнинг илғор тажрибасини ўрганиш ва икки давлат ўртасидаги ахборот технологиялари бўйича яқин ҳамкорликни кенгайтириш йўлида муҳим қадам бўлиши кутилмоқда.
Н.Раҳмонова, ЎзА