Рақамли таҳдидларга огоҳ бўлайлик
Бугунги шиддатли рақамли тараққиёт шароитида ахборот хавфсизлиги масаласи нафақат техник, балки ижтимоий барқарорлик ва миллий хавфсизликнинг муҳим омилига айланмоқда. Айниқса, интернет маконида фаол бўлган ёшлар қатламини турли кибертаҳдидлардан асраш, уларда рақамли маданият ва масъулиятни шакллантириш долзарб вазифалардан бири сифатида кун тартибига чиқмоқда.
Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети Жиззах филиалида ўтказилган тарғибот учрашуви соҳада амалга оширилаётган тизимли ишларга яққол мисол бўлди. Профессор-ўқитувчилар ва талаба-ёшларни қамраб олган мазкур мулоқот киберхавфсизликни таъминлаш, рақамли таҳдидларга қарши иммунитетни кучайтиришга қаратилган амалий саъй-ҳаракат сифатида аҳамият касб этди.

Жиззах вилоят ички ишлар бошқармасининг Ахборот технологиялари соҳасидаги жиноятларга қарши курашиш бўлинмаси билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбир олий таълим муассасасини “кибержиноятлардан холи ҳудуд”га айлантириш йўлидаги муҳим қадам сифатида эътироф этилди. Бу эса таълим тизимида хавфсиз рақамли муҳитни шакллантириш давлат сиёсати даражасига кўтарилганини кўрсатади.
“Талаба-ёшларнинг кибержиноят турларидан ҳимояланиш усуллари” мавзусида ўтказилган учрашувда мутахассислар бугунги кунда тобора мураккаблашиб бораётган киберхавфсизлик муаммоларини атрофлича таҳлил қилди. Хусусан, кенг тарқалган кибержиноят турлари, шахсий маълумотларни муҳофаза қилиш усуллари, зарарли дастурлар ва уларнинг яширин таҳдидлари, шунингдек, интернетдан хавфсиз фойдаланиш қоидалари ҳаётий мисоллар асосида тушунтирилди.

Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, сўнгги йилларда ёшлар орасида турли фирибгарлик схемалари, сохта иловалар ва “phishing” ҳужумлари (алдов йўли билан маълумот олиш) сезиларли даражада ортиб бормоқда. Бу эса профилактик тарғибот ишларини янада кучайтириш, ахборот хавфсизлиги бўйича билимларни тизимли равишда ошириш заруратини юзага келтирмоқда.
Учрашув жараёнида иштирокчилар томонидан берилган саволларга мутахассислар томонидан атрофлича жавоблар қайтарилиб, амалий тавсиялар тақдим этилди. Бу эса тадбирнинг нафақат назарий, балки амалий аҳамиятга эга эканини кўрсатди.

Эътиборли жиҳати шундаки, мамлакатимизда рақамли хавфсизликни таъминлашга қаратилган ислоҳотлар изчил давом этмоқда. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 28 январдаги “Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тўғрисида”ги фармонида ахборот хавфсизлигини мустаҳкамлаш, кибертаҳдидларга қарши самарали тизим яратиш устувор вазифалардан бири сифатида белгилаб берилган. Ушбу стратегик йўналиш доирасида таълим муассасаларида профилактик тадбирларни кучайтириш, ёшларнинг рақамли саводхонлигини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Зеро, рақамли таҳдидларга қарши курашиш фақат техник воситалар билан эмас, балки, аввало, инсон омили — огоҳлик, билим ва масъулият орқали таъминланади.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири