Рақамли платформалар орқали жамиятда жамоатчилик иштирокини кенгайтиришга оид амалий чоралар белгиланди
Ўзбекистон фуқаролик жамияти вакиллари учун Рига шаҳрида “Ёзги мактаб” ўқув дастури ташкил этилди.
Мазкур мамлакатнинг фуқаролик жамияти институтларини фаоллаштириш ҳамда давлат органлари билан самарали ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича илғор тажрибаси ўрганилди.
Латвияда 2024 йил ҳолатига кўра, 26 минг 423 нодавлат нотижорат ташкилоти (ННТ) рўйхатга олинган. Аҳолининг қарийб беш фоизи волонтёрлик фаолиятида иштирок этади.

Беш кун давомида Латвиянинг масъул идора ва ташкилотлари билан 10 дан ортиқ самарали учрашувлар, тақдимотлар ва мулоқотлар ташкил этилди.
Латвия тажрибасига кўра, Коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш бюроси ҳузурида ННТ вакилларидан иборат Жамоатчилик маслаҳат кенгаши ташкил этилган.
Жамият интеграцияси жамғармаси томонидан фуқаролик жамиятини қўллаб-қувватлаш мақсадида йилига ўртача 20 дан ортиқ грант дастурлари эълон қилинади.

Давлат харидлари ва йирик лойиҳаларни амалга оширишда буюртмачи, тендер иштирокчилари ва мустақил жамоатчилик кузатувчилари ўртасида келишув механизми сифатида “Ҳалоллик пактлари” жорий этилган.
Ўқув дастури давомида орттирилган билим ва тажрибалар асосида Ўзбекистон фуқаролик жамияти институтлари вакиллари томонидан миллий амалиётга фуқаролик ташаббусларини қўллаб-қувватлашнинг самарали механизмлари жорий этилади.
Рақамли платформалар орқали жамоатчилик иштирокини кенгайтириш ҳамда ҳудудларда ННТлар фаоллигини ошириш бўйича амалий чоралар белгилаб олинди.
Н.Абдураимова,
ЎзА